Тошкентда талаба қизни зўрлаганликда айбланган «замдекан» иши судда кўриб чиқилмоқда
Тошкентда 18 октябрь куни Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети декан ўринбосари талаба қизга зўрлик ишлатиб, деразадан итариб юборгани хабар қилинганди. Тошкент шаҳар судларининг маълум қилишича, ҳолат юзасидан жиноят иши ёпиқ тарзда кўриб чиқилмоқда.

Қайд этилишича, Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида Жиноят кодексининг 25 (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 118-моддаси (Номусга тегиш) 1-қисми ва 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 1-қисми билан айбланган Б.Ю.га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни бошланган.
Б. Ю.га оид жиноят иши Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (Судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) 1-қисмига мувофиқ, ёпиқ суд мажлисида кўрилиши маълум қилинган. Қўшимча маълумот суд жараёни якуни бўйича берилиши айтиб ўтилган.
Аввалроқ Тошкентда талаба қизни зўрлаганликда айбланган «замдекан» иши бўйича тергов якунлангани ҳақида хабар берилган эди.
Эслатиб ўтамиз, 18 октябрь куни 1984 йилда туғилган Ю.Б. ўз хонасида 2001 йилда туғилган К.М.нинг номусига тегмоқчи бўлгани хабар қилинганди. Бироқ у жиноий қилмишини охирига етказа олмаган. Сўнг жиноятини яшириш мақсадида К.М.ни деразадан пастга итариб юборган.
Ҳолат юзасидан Яккасарой тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш) ва 105-модда (Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилиб, Ю.Б.га нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланганди.
Соқғлиқни сақлаш вазирлиги жабрланувчига кататравма, қўшма жароҳат, ўнг ўтиргич ва қов суякларининг синиб силжиши, қуймуч суягининг ўнг томонда синиб қониқарли туриши, бешинчи бел умуртқаси ён ўсиғининг синиб қониқарли туриши, бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, пешона соҳаси эзилиб йиртилган жароҳати, травматик шок иккинчи даражаси ташхислари қўйилганини маълум қилганди.
Олий таълим вазирлиги мазкур иш юзасидан муносабат билдириб, ўрганиш натижалари бўйича жиноятда гумонланувчи университет масъул ходими қонуний жазога тортилиши, шунингдек, бу ҳолатга йўл қўйган университет раҳбарияти ва масъулларига нисбатан қатъий ташкилий ва интизомий чора кўрилишини таъкидлаган.
Қолаверса, Саида Мирзиёева ҳам бу ишга ўз фикрини билдирган:
«Менимча, қиз-аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи бундай оммавий ахборот воситалари фаолияти катта муваффақият ҳамда адолатсизлик ва cексизмга тоқат қилишни истамайдиганларнинг сўнгги умидидир. Фонд ушбу йўналишда фаолият юритаётган бундай оммавий ахборот воситаларини олқишлаши ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашини таъкидламоқчиман», — деган у.
Шу билан бирга, қизнинг онаси «замдекан»нинг терговда айбни жабрланувчининг ўзига қўйганини айтган.
«Терговда у қизимнинг ўзи унинг хонасига кириб, хонани қулфлаб олганини айтибди. Қизимнинг йигити келиб қолгани учун қаерга яширинишини билмай, деразадан ўзини ташлаган эмиш. Қизим ҳали бунақа нарсалар ҳақида ўйламайди. Чунки оиламиз ўқимишли оила: ҳаммамиз ўқитувчимиз. Шунинг учун қизим унинг хонасига ишониб кирган», — деган талаба қизнинг онаси.
Тошкент шаҳрида ўтказилган «Тошкент ёшлар форуми–2021» доирасида талаба қиз нутқ сўзлаб, орзуларига етишишида ўша кунги воқеа тўғаноқ бўлганини айтган. У нутқи давомида айбловни тўлиқ иккинчи томон, яъни университет декан ўринбосарига юклаган.
«Дўстларим, севимли ишим, ўқишим ва келажак учун катта режаларим бор эди. Лекин 2021 йилнинг 18 октябрь куни саноқли сонияларда ҳаммасини йўқотдим. Менинг орзуларим ва ҳаётимни ўғирлаган инсон исми — Юлдашбек Боғабаев. Менинг университетимда декан ўринбосари лавозимида ишлаган, менинг номусимга тегишга ҳаракат қилиб, сўнг деразадан улоқтирди. Ўша пайтда бирон суягим омон қолмаган деб ўйладим, оғриқ шу қадар кучли эди. Баъзан ҳозир уйғонаману, барчаси оддий туш бўлиб чиқадигандай туюлади», – дейди у.