18:26 | 08.04.22 384

Бир фоизли тўлов: пенсия ва нафақа тўлаш тартибидаги янгилик ҳақида

Пенсия жамғармаси Bugun.uz’га қонунчиликдаги ўзгариш юзасидан изоҳ берди

Ўзбекистонда 1 майдан бошлаб Президент қарори билан пенсия ва бошқа ижтимоий тўловларни тўлаш тартибига ўзгартириш киритилaди. Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси «Bugun.uz»га қонунчиликдаги ўзгариш юзасидан изоҳ берди.

Фото: «Bugun.uz»

Жамғарманинг пенсия ва нафақа тўловларини такомиллаштириш бўлими бошлиғи ўринбосари Олим Тўйчиевнинг таъкидлашича, ўзгаришлардан мақсад пенсия, нафақа, компенсация ва бошқа ижтимоий тўловларни тўлаш ва етказиб беришда фуқароларга қулайлик яратиш, тўлов тизимининг замонавий усулларини жорий қилиш ҳисобланади.

Шу мақсадда Президентнинг 2022 йил 7 апрелдаги қарори қабул қилинган бўлиб, унга кўра, 2022 йил 1 майдан бошлаб пенсиялар, нафақалар, компенсациялар, кам таъминланган оилалар учун болалар нафақаси ва моддий ёрдам пулларини банк карталари орқали олувчиларнинг пенсия ва нафақа миқдорларига 1 фоизлик қўшимча тўлов тўланиши жорий қилинади. Яъни пенсионерларнинг банк карталарига 1 фоиз қўшимча пул келиб тушади.

Мутахассиснинг таъкидлашича, ҳозир фуқаролар банк картаси орқали маблағларни (жумладан, пенсия ва нафақаларни) банкомат орқали нақдлаштирганда улардан 1 фоиз банк хизмат ҳақи ушлаб қолинмоқда. 2022 йил май ойидан бошлаб пенсия ва нафақаларни банк картаси орқали олувчиларга 1 фоиз қўшимча бериш орқали фуқароларнинг бу харажатлари қопланади. Яъни фуқаро пенсия ва нафақаларни банкоматлардан нақдлаштириб олаётганда, қўшиб берилган 1 фоиз ечиб олинади ва бунда фуқаронинг пенсия миқдорига тегилмайди.

Шунингдек, Олим Тўйчиев пенсия ва нафақа пули нақдлаштирилмаса ёки савдо ва кўрсатилган хизматлар учун банк картаси орқали хисоб-китоб қилинса ҳам 1 фоизлик устама қайтариб олинмайди. Пенсия ва нафақаларни нақд пул шаклида олувчиларга маблағлар «Халқ банки» сайёр кассалари томонидан етказиб берилиши давом эттирилади. Бу тўловларни етказиб берганлиги учун Пенсия жамғармаси томонидан Халқ банкига 1 фоиз хизмат ҳақи тўланади, яъни фуқаро Халқ банкига ўз ҳисобидан ҳеч қандай хизмат ҳақи тўламайди.

Аввалроқ Ўзбекистонда пенсия ёшига етган ходимларни ишдан бўшатиш тақиқланиши хабар қилинганди. Шунингдек, ногиронлиги борларга бериладиган пенсиянинг энг кам миқдори оширилган.