Президент Ислом цивилизацияси маркази қурилиши билан танишди — фото
Шавкат Мирзиёев 8 апрель куни Олмазор туманида жойлашган Ислом цивилизацияси маркази қурилиши билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

«Бугун, муборак Рамазон ойида, жума кунида бу ерга келишимиз бежиз эмас. Бундай улуғ айём кунларида қилинган ниятлар амалга ошади. Охирги йилларда оғир-оғир синовлардан ўтдик. Лекин бу ерда иш тўхтагани йўқ. Нима учун буни қуряпмиз? Халқимизнинг дунёқарашини, ғурурини кўтариш, қандай буюк эл эканимизни ашёвий далиллар билан намоён этиш учун» — деди Шавкат Мирзиёев.

Таъкидланишича, Ислом цивилизацияси маркази халқнинг маънавий қудратини кўрсатади.
«Ўтган йили Қашқадарёда ‘Ўзбекистон GTL’ заводини очиб, бутун дунёга мамлакатимизнинг иқтисодий қудратини кўрсатдик. Бу марказ халқимизнинг маънавий ва маърифий қудрати тимсоли бўлиб қолади» — деди Президент.

Давлат раҳбари деворлардаги равоқларнинг безак ва ёзувлари намуналари билан танишди. Дарвозалар тепасига тинчлик, илм, одобга чорловчи оятлардан ёзиш мақсадга мувофиқлигини айтди. Марказнинг таркибий қисмлари тўғрисида маълумот берилди.

Қайд этилишича, биринчи қаватда музей омбори, қадимий қўлёзма ва осори-атиқаларни сақлаш ҳамда реставрация қилиш хоналари, нашриёт ва китоб дўконлари жойлашади.
Иккинчи қават мажмуанинг асосий кўргазма майдони бўлади. Бу ердаги Ислом тарихи музейи 9 та бўлимдан ташкил топади. Бинонинг марказида, 65 метр баландликдаги гумбаз остида, Ислом оламининг дурдонаси ҳисобланган Усмон мусҳафи қўйилади.
Бу зал атрофида яна 8 та — «Исломдан аввалги даврда Марказий Осиё», «Исломнинг Марказий Осиёга ёйилиши», «Таълим», «Илм-фан», «Меъморчилик ва шаҳарсозлик», «Санъат ва бадиий ҳунармандчилик», «Анъаналар» ҳамда «Учинчи Ренессанс — Янги Ўзбекистон» бўлимлари жойлашади.

Шунингдек, бу қаватда 550 кишига мўлжалланган конференция зали бўлади. Президент «Илм-фан» бўлимини кўздан кечирди. Алломалар меросини кенг ва таъсирчан тарғиб этиш бўйича тавсиялар берди.



Давлат раҳбари учинчи қаватга чиқиб, кутубхона, Ислом академияси илмий кафедралари ва маъмурий хоналар намуналарини ҳам кўрди.


Маълумот учун, 2018 йил 15 июнь — Рамазон ҳайити куни Президент Ислом цивилизацияси маркази пойдеворига тамал тоши қўйган эди. Мажмуа уч қаватли бўлиб, қадимий обидалар шаклида барпо этилган. Бино марказида улкан гумбаз, тўрт томонида симметрик пештоқлар қурилган. Бугунги кунда пардозлаш ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ ушбу марказ қурилиши учун тахминан 1 триллион 723 миллиалрд сўм ажратилиши маълум бўлганди.