Бухородаги бозорда ҳамшира аёл икки сотувчининг сумкасини ўғирлади
Бухоро шаҳрида 3 февраль куни 43 ёшли ҳамшира бозорда сотувчилари сумкасини олиб, уларнинг пулини ўғирлади. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Келтирилишича, соат 12:00 дан 13:30 гача бўлган вақт оралиғида номаълум шахс ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида шаҳардаги Афросиёб кўчасида жойлашган «Марказий деҳқон бозори»га борган. У савдо-сотиқ ишлари билан банд бўлган, 1968 йилда туғилган сотувчига тегишли, ичида 500 доллар ва 1 500 000 сўм пуллари бўлган аёллар сумкасини ўғирлаган.
Шунингдек, у билан қўшни растада савдо қилувчи, 1983 йилда туғилган К.З.га тегишли, ичида 100 доллари ва 4 500 000 сўм пуллари бўлган аёллар сумкасини ҳам ўғирлаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро шаҳри Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 2-сон ички ишлар бўлими тергов гуруҳи томонидан номаълум шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Ҳаракатлар давомида ушбу жиноятни Жондор тумани Маҳмуд Таробий маҳалласида яшовчи, 1979 йилда туғилган, ҳамширалик касбига эга бўлган Х.Д. исмли аёл содир этгани аниқланиб, ундан пул ва бошқа ашёвий далилиллар ҳужжатлаштириб олинган.
Ҳозирда аёлга нисбатан дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, унинг бошқа шу ва шунга ўхшаш жиноятларга алоқадорлигини аниқлашга қаратилган тезкор тадбирлар олиб борилмоқда.
Аввалроқ Самарқанддаги дўконда ўғрилик қилган эронлик эр-хотин қўлга олинганди. Шунингдек, Наманганда 20 ёшли йигит ва 24 ёшли аёл хонадонга ўғриликка тушган.