Ўзбекистонда «дафтар»ларга киритилган аҳолига яна бир енгиллик берилади
Шавкат Мирзиёев 8 апрель куни ўтказган йиғилишда маҳаллаларни обод, озода ва яшил маконга айлантириш, маданий-маърифий тадбирларни кўпайтириш масаласига тўхталди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Хусусан, «Пойтахт — маданият ва маърифат булоғи» лойиҳаси доирасида таниқли 400 дан зиёд маҳаллада мумтоз куй-қўшиқ ва мақом кечалари уюштирилгани айтилди. Аҳоли учун 40 та спектакль, 70 дан зиёд миллий фильм намойиши, 20 дан ортиқ гала-концерт ташкил қилингани келтириб ўтилди.
Шунингдек, мутасаддиларга «темир», «аёллар» ва «ёшлар» дафтарларига киритилган аҳолини театрлар, музей ва концертларга бепул чипталар билан таъминлаш амалиётини йўлга қўйиш топширилди.
«Маҳаллада дув-дув гaп» лойиҳаси доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 56 нафар фарзандининг суннат тўйлари ўтказиб берилгани алоҳида қайд этилди. Ўтказилаётган маданий-маърифий тадбирлар пойтахт аҳолиси орасида катта қизиқиш уйғотиб, жамоатчилик томонидан ижобий баҳоланаётганини ҳисобга олиб, бу ишлар кўламини янада кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
Аввалроқ Ўзбекистонда «Аёллар дафтари»га киритилганларга 5 миллион сўмгача кредитлар нақд берилиши мумкинлиги айтилганди. Шунингдек, «Ёшлар дафтари»га киритилганларни қўллаб-қувватлаш бўйича Президент фармони қабул қилинган.