Ўзбекистонда ипотека ва таълим кредити фоизлари ўзгармайди
Ўзбекистонда 2022 йил охирига қадар ипотека ва таълим кредити фоизлари ўзгаришсиз сақлаб қолинади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев томонидан 8 апрель куни қабул қилинган «Марказлашган манбалар ҳисобидан ипотека ва таълим кредитлари учун ажратиладиган маблағлар бўйича фоиз ставкаларини белгилаш тўғрисида»ги қарорида маълум қилинди.

Унга кўра, Молия вазирлиги банкларга ажратадиган ипотека ва таълим кредитлари учун фоиз ставкалари 2022 йил якунига қадар, амалдаги фоизлар, яъни ипотека бўйича 13 фоиз, таълим кредити бўйича 10 фоиз миқдорида сақлаб қолинади.
Бунда 10 фоиз ставкада ажратилган ресурслар ҳисобидан таълим кредитлари тижорат банклари томонидан кредит олувчига 14 фоиздан ажратилади.
Молия вазирлиги томонидан ажратилган ресурс маблағлари ҳамда тижорат банкларининг ипотека ва таълим кредитлари бўйича фоиз ставкаларини мутаносиб равишда камайтириш механизми Марказий банкнинг асосий ставкаси 14 фоиздан пасайганда қўлланилади.
Молия вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни кискартириш вазирлиги билан биргаликда 2022 йил якунига қадар ипотека ва таълим кредитлари учун ажратиладиган маблағлар бўйича 2023 йил учун фоиз ставкалари юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.
Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров ва Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов зиммасига юклатилди.
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 августдаги қарори билан Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ҳисобидан олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитларини ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланганди.
Унга кўра, таълим кредитлари олий таълим ташкилотларининг кундузги таълим шаклида бакалавриат ва магистратурага тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилган, шунингдек, ўқишини кўчирган Ўзбекистон фуқароси бўлган талабаларга берилади.