Қорақалпоғистонда она қизларини аёвсиз калтаклагани бўйича жиноят иши қўзғатилди
Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида она фарзандларини аёвсиз калтаклагани хабар қилинганди. Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Қайд этилишича, 29 март куни туманнинг Янгиҳаёт кўчасида яшовчи фуқаро А.А. ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилган. Унда 2021 йил июль ойидан турмуш ўртоғи Х.Ф. билан ўртасидаги ўзаро келишмовчилик сабаб аёли икки нафар вояга етмаган қизини уриб, уларга азоб бериб келаётгани айтилган. Шунингдек, эркак Х.Ф.га нисбатан қонуний чора кўришда амалий ёрдам берилишини сўраган.
Тарқалган видеотасвирда аёл томонидан икки фарзанди 5 ёшли Х.Ш.ни ҳамда 3 ёшли Х.А.ни ҳар хил сўзлар билан ҳақоратлаб, дўппослаётгани тасвирланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноя кодексининг 110-моддаси (Қийнаш) 2-қисми «а,в» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи Х.Ф.га нисбатан процессуал чеклов чора белгилаш масаласи кўрилмоқда.
Аввалроқ аёл бундан олти йил илгари А.А. исмли фуқаро томонидан олиб қочилиб, турмушга чиққани ҳамда улар ўртасида қонуний никоҳ бўлмагани ҳақида хабар берилганди.