Таҳлил - 13:31 · 10.04.2022

Текумсе қарғиши. АҚШ президентларини қувиб юрган тавқи лаънат

Одам табиатида тавқи лаънат тушунчасига нисбатан ҳиссий ёндашув бор. У доим бундай нарсадан қочишга уринади. Бу орқали одамларни манипуляция қилиш анча осон. Дунё сиёсатида ҳам қарғиш, тавқи лаънат билан боғлиқ ҳодисалар, мифлар кўп учрайди. Қадимги қироллар, подшоҳлар қарғиши билан боғлиқ ҳодисалар ўзимизда ҳам учраб туради. Худди шундай АҚШда ҳам президентлар тавқи лаънатга дучор бўлган деган бир афсона борки, бу «Текумсе қарғиши» дейилади. Хўш, бу нима, унинг АҚШ президентларига қандай алоқаси бор, унинг илдизи қаерда? Қуйида шу ҳақда батафсил ҳикоя қиламиз.

Текумсе ким?

Фото: «Wikipedia»

Маълумки, Океан орти XVI асрдан бошлаб Европаликлар томонидан колонизация қилина бошланган. Кейинчалик бу ерларда Европаликлар давлатлар ташкил қилган. Маҳаллий аҳоли эса секин-аста қирилиб кетди. Келгиндиларга қарши курашган маҳаллий қабила бошлиқлари ҳам бўлган. Шулардан бири шауни қабиласи етакчиси Текумсе эди. У 1768 йилда ҳозирги Огайо штатида дунёга келган. Отасининг ўлимидан кейин Буюк Британия тарафидан Америкага қарши уруш олиб боради. АҚШ мустақиллигидан кейин ҳам унга қарши бир неча бор уруш қилган Текумсе 1813 йил 5 октябрь куни айнан америкаликлар билан бўлган жангда вафот этади.

Текумсе қарғиши

Бу афсонага кўра, 20 га қолдиқсиз бўлинадиган йилларда сайланган Америка президентлари мандати тугамасдан туриб вафот этади. Ё ўз ажали билан, ё ўлдирилади. Хўш нега бундай бўлади? Текумсе қарғиши илк бор «Ripleyʼs Believe It or Not!» франшизасида 1931 йилда пайдо бўлади. Унда охири «0» билан тугайдиган йилларда сайланган ва шу билан бирга мандати ниҳоясига етмасдан вафот этган Америка президентлари рўйхати келтирилади. Бу рўйхатни Уилям Генри Ҳариссон бошлаб беради. Чунки у 1840 йилда президентликка сайланган ва 1841 йилда вафот этган. Ундан кейинги 120 йил давомида «0» билан тугайдиган йилларда сайланган барча президентлар мандати ниҳоясига етмасдан вафот этган.

Фото: «Pinterest»

Нега Текумсе қарғиши дейилади?

Бундай дейилишининг тарихи 1811 йилги Типпекано жангига бориб тақалади. Ўша пайтларда Индиана губернатори бўлган Уилям Генри Ҳариссон маҳаллий ҳиндуларга ерлари эвазига пора таклиф қилади ва уларга виски тарқатади. Оқибатда ҳиндулар орасида алкоголизм авж олиб кетади. Бу ҳаракат Текумсенинг ғазабини келтиради ва икки тараф ўртасидаги урушга сабаб бўлади. 1811 йилда Ҳариссон Типпекано дарёси бўйида Текумсе қишлоғига ҳужум қилади. Текумсе акаси билан Оқларнинг ғарбга қараб илгарилашининг олдини олиш мақсадида мудофаа чизиғи қуради. Бу жангда Ҳариссон ғалабага эришади ва шундан кейин унинг обрўси ошиб кетади. Халқи орасида «Пайғамбар» дея улуғланган Текумсе мағлуб бўлгач, халқ орасида гап тарқалади. Унга кўра, Текумсе Ҳариссон ва ундан кейин келадиган барча раҳбарларни қарғаган эмиш.

Қарғишга «учраган» президентлар кимлар?

Фото: «Wikipedia»

Биринчи тавқи лаънат «соҳиби» Уилям Генри Ҳариссон бўлиб, у 1840 йилда мамлакат президенти этиб сайланади. Аммо 1841 йил, инаугурациядан бир ой ўтиб пневмониядан вафот этади. Навбатдаги ўзига хос «қурбон» эса машҳур Авраам Линколн. 1860 йилда президентликка сайланган Линкольн, биринчи мандатни соғ-саломат тугатган бўлсада, 1864 йилдан бошланган иккинчи мандат пайтида, 1865 йилда отиб ўлдирилади.

Фото: «Интересные Факты»
  • Жеймс Гарфил — 1880 йил сайланган, 1881 йилда ўлдирилган;
  • Уилям Мак-Кинли — 1900 йил иккинчи муддатга сайланган, 1901 йилда ўлдирилган;
  • Уоррен Гардинг — 1920 йилда сайланган, 1923 йилда вафот этган;
  • Франклин Делано Рузвелт — 1940 йилда учинчи, 1944 йилда тўртинчи муддатга сайланган, 1945 йилда вафот этган;
  • Жон Кеннеди — 1960 йилда сайланган ва 1963 йилда отиб ўлдирилган.

Шу ерда тавқи лаънат ўз таъсир кучини йўқотади. Чунки 1980 йилда сайланган Роналд Рейган, 2000 йилда сайланган Жорж Буш ўз президентлик муддатини ниҳоясига етказа олган. Лекин шунга қарамай, Рейган ҳам, Буш ҳам суиқасдга учраган. Аммо бу суиқасдлар натижасиз тугаган: Рейган яраланган бўлса, Бушга ҳеч нарса қилмаган.

Фото: «Reuters»

2020 йилда сайланган Жо Байден эса ҳамон ўз вазифасини адо этмоқда.

Баъзи гапларга кўра, қарғиш фақатгина еттинчи президентгача амал қилаган. Шунингдек, 1840 йилдан олдин сайланган икки президент ҳам ўз мандатини ниҳоясига етказиб, кейин вафот этган. Булар 1800 йилда сайланган Томас Жефферсон ва 1820 йилда сайланган Жеймс Монродир.

Хулоса ўрнида

Бу каби афсоналар, ривоятлар қанчалик ҳақиқатга тўғри келади, буни биз билолмаймиз. Балки ҳақиқат, балки шунчаки тасодиф. Унга ишониш ёки ишонмасликни эса ўқувчининг ўзига қолдирамиз.

Жаҳонгир Остонов тайёрлади

 

Bugun — LIVE