Фарғонада поездга отилган тош 9 ёшли йўловчининг бошини ёрди
Тошкент–Андижон йўналишида 10 апрель куни ҳаракатланаётган тезюрар поездга тош отилиб, 9 ёшли йўловчининг боши ёрилди. Ҳолат юзасидан «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ахборот хизмати маълумот берди.

Маълум бўлишича, 62-сонли йўловчи поездга номаълум шахс томонидан тош отилган. Ушбу воқеа соат 22:25 да Олтиариқ–Марғилон участкасининг 244-километрида содир бўлган.

Поезднинг 6-вагонидаги ойнасини ёриб ўтган тош 9 ёшли йўловчининг бош қисмига урилган. Зарба бола қошининг устки қисмига тегиши оқибатида қон кетишига сабаб бўлган. Соат 22:32 да «Марғилон» темирйўл вокзали фельдшери томонидан зудлик билан жабрланган йўловчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.
Ушбу ҳолат юзасидан тегишли идоралар томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.