Ўзбекистонда «Низоли оилалар билан индивидуал ишлаш дафтари» жорий этилади
Ўзбекистонда яна бир махсус дафтар — «Низоли оилалар билан индивидуал ишлаш дафтари» жорий этилади. Бу ҳақда АОКАда 11 апрель куни Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси ўринбосари Нодира Эгамбердиева иштирокидаги брифингда маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Bugun.uz» мухбири.

Қайд этилишича, янги ташкил этилган Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг услубий қўлланмалари яратилган. Хусусан, унда низоли оилалар билан ишлаш механизмини жорий қилиш бўйича «Низоли оилалар билан индивидуал ишлаш дафтари» лойиҳаси амалиётга тадбиқ қилиш учун ишлаб чиқилган.
Шунингдек, «Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи» кўрик танловини ўтказиш бўйича, давлат бошқарувида хотин-қизлар фаоллигини ошириш дастури ва «Маҳалладаги хотин-қизлар фаоллари фаолиятини ташкил этиш» услубий қўлланмаси ишлаб чиқилган.
Маълумот ўрнида, шу кунга қадар Ўзбекистонда моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхати учун «Темир дафтар», ишсиз ёшлар бўйича «Ёшлар дафтари», ишсиз ва боқувчисиз хотин-қизлар учун «Аёллар дафтари», етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида «Меҳр дафтари» ҳамда хориждаги ўзбекистонликларни ўз ичига олган «Олтин дафтар» ташкил этилган.
Мавзуга доир: «Дафтар»лар ва кам таъминланганлик. Қандай ижтимоий ёрдам турлари бор ва уларни қандай олиш мумкин? Эксперт жавоби
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда қанча оила «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»дан чиқарилгани айтилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда «дафтар»ларга киритилган аҳолига яна бир енгиллик берилиши маълум қилинганди.