Қорақалпоғистонда қизларини калтаклаган аёл узр сўради — видео
Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида аёл 2021 йилнинг июль ойида фарзандларини калтаклагани хабар қилинганди. Вилоят Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати фуқаро Х.Ф. билан интервью уюштирди.

Аёлнинг таъкидлашича, турмуш ўртоғи Россиянинг Москва шаҳрида ишлаб юрганда унинг оиласидан ҳеч ким хабар олмаган. Аёл шу сабабли қизларини уриб, видеога олиб, эрига жўнатган.
«Хўжайиним Москвада, уйда ёлғиз, икки қизим билан яшайман. Видеони уйида қариндошлари, укалари бор, келиб хабар олиб турар деган мақсадда олганман. Йўқ, барибир келишмади. Ўртада ота-онам касал бўлди, бу ҳам қаттиқ таъсир қилиб, шокка тушдим. Бунинг ортидан ҳам қизларимни урдим. Бундан пушаймонман.
Эрим 6 йилдан бери Москвада. 2016 йил 4 май куни турмуш қурдик. Шу йил июнь ойида Қозоғистонга кетдик. Шу ерда ишлаб, августда Москвага кетдик. Биргаликда ишладик, мен у ерда 3-4 ой юрдим. Катта фарзандим Шодиёнага ҳомиладор бўлиб, уйга қайтдим. Эрим ўша ерда қолди. Орада уйга келиб-кетиб туради.
Эримнинг уйидан ҳеч ким хабар олиб келмайди, невараларини уриб ўлдириб қўйсам ҳам, уларнинг иши йўқ, деган мақсадда видео олинган. Хўжайинимга жўнатиш учун ўзим видеога олдим. Эримнинг менга раҳми келиб, уйдагиларига ёнига боринглар айтар, деб ўйлагандим. Лекин ундай бўлмади. Яна видеога олдим, барибир бўлмади.
Кейин кўзим очилди, ўртада отамни бериб қўйдик. Эрим отанг ўлдими, деб сўраб келмади. Норасидаларнинг кўз ёши тегди, деб биламан. Онам ҳам касал бўлиб қолиб вафот этди. Катта қизим 5 ёшда, кичкинам 2 ёшда», — дейди аёл.
Маълум бўлишича, эски видеолар унинг қайнанаси томонидан тарқатилган.
«Қайнанам видеолар тарқалиб кетади, эртага телевизордан кўрасан, деб қўрқитарди. Айтганини қилишди, номардлик бўйича биринчи ўрин. Аммо мен минг ёмон бўлсам ҳам, келиб бирорта неварасининг бошини силамади. Менга ақл, йўл-йўриқ кўрсатмади.
Оллоҳга шукур, қизларимни уриб, майиб қилиб қўймасимдан кўзимни очди. Хўжайиним билан энди бахтли ҳаёт кечирамиз, деганда қайнанам эски видеоларни топиб олиб, тарқатди. Видео 1 йил аввал олинган», — дейди Х.Ф.
Шунингдек, аёл қизларини аёвсиз калтаклагани тўғрисидаги изоҳларни рад этиб, уларга қаттиқ озор бермаганини таъкидлади.
«Буюмларни ҳеч қачон қизларимнинг ўзига қараб отмаганман, агар ўзига отадиган бўлсам, бориб ҳам ура оламанку. Қизларим ҳозир ўзим билан, соппа-соғ, Худога шукур. Яқинда ҳам экспертизага олиб бордик. Опа сиз ўзингизга қаранг, ўзингизни даволатинг, дейишди менга.
Менга қараб эшикка кўз тикиб турган оналарга маслаҳатим, ҳеч нарса фарзандингиздан устун эмас. Уларнинг кўзидан бир томчи ёшга ҳам арзимайди ҳеч ким. Улар энди келадими-йўқми, барибир бизнинг юрагимизда қолди. Лекин ҳеч ким ҳаётда ўзининг фарзандини бундай хорламасин.
Хўжайиним ҳар кун икки соатлаб видеоалоқа орқали телефон қилади. Қизларим ҳам дадаси телефон қилмаса, »ойи, дадам қани?« деб қолади. Севишиб турмуш қурганмиз, борига ҳам, йўғига ҳам кўндим. Қозоғистонда далалаларда ишлаб юрдик. Менинг бир айбим, шу қизимни уриб озор берганим.
Халқимиздан илтимос қилардим, мени кечиришсин. Билиб-билмай қарғаманглар. Ўзимни оқламоқчи эмасман, бўладиган иш, пешанада бор экан. Аммо бу дунёда ҳеч нарса фарзандининг кўзида ёш оқизишга арзимас экан», — дейди воқеа қаҳрамони.
Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳолат юзасидан Жиноя кодексининг 110-моддаси (Қийнаш) 2-қисми «а,в» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Х.Ф.га нисбатан процессуал чеклов чора белгилаш масаласи кўрилмоқда.