16:58 | 11.04.22 201

Россия Мариуполга фосфор бомбалари ёрдамида ҳужум қилиши мумкин

Буюк Британия разведкаси ҳужум тафсилотлари ҳақида маълумот берди

Россия қуролли кучлари Украинанинг Донецк вилояти Мариуполь шаҳрида фосфорли ўқ-дорилардан фойдаланиши мумкин. Бу ҳақда Британия Мудофаа вазирлиги Twitter’даги саҳифасида маълум қилди.

Фото: «MilitaryArms.ru»

Келтирилишича, рус қўшинлари қамал қилган шаҳар учун жанглар кучайиб бормоқда. Буюк Британия Мудофаа вазирлиги разведка маълумотларига таяниб бу бўйича маълумотлар берган.

«Россия қўшинларининг Донецк ҳудудида аввалроқ фосфорли ўқ-дорилардан фойдалангани уларнинг Мариуполда қўлланилиши эҳтимолини оширади, чунки шаҳар учун жанглар кучаймоқда», дейилади баёнотда.

Британия Мудофаа вазирлиги, шунингдек, рус қўшинлари томонидан Донецк ва Луганск вилоятлари ҳудудини ўққа тутиш давом этаётганига ишора қилган. Шу билан бирга, вазирлик Украина Қуролли кучлари бир неча ҳужумларни қайтаришга муваффақ бўлгани, оқибатда Россиянинг турли ҳарбий техникаси, жумладан, танклар, транспорт воситалари ва артиллерия техникаси йўқ қилинганини таъкидлаган.

Шунингдек, вазирлик Украина тинч аҳолиси орасида яна қурбонлар бўлиш хавфи ортиб бораётганини қўшимча қилиб, буни Россия Украина ҳудудига зарба беришда бомбалардан фойдаланишда давом этаётгани билан изоҳлаган.

Аввалроқ Донецкдаги Краматорск вокзалига ракета келиб тушганди, ҳодисада Россия ва Украина бир-бирини айблаганди. Шунингдек, Россиянинг Украинадаги «махсус операция»си қачон тугаши маълум қилинганди.