Тошкент вилоятида икки йўловчи автобуси пойга ўйнаши оқибатида ЙТҲ содир бўлди
Тошкент вилояти Қибарй шаҳрида 11 апрель куни икки йўловчи автобуси пойга ўйнаши оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, воқеа соат 14:30 атрофида шаҳарнинг Алишер Навоий кўчасида юз берган. Аниқланишича, ҳайдовчи Х.У. «Isuzu» автобусbни 199-йўналишда бошқариб бораётиб, Макро дўкони қаршисида «Lacetti» билан тўқнашган. ЙТҲда жароҳат олганлар йўқ.
Йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан хизмат суриштируви ўтказилган. Қайд этилишича, Х.У «2-Автобус саройи» филиали ҳайдовчиси А.Ф. бошқарувидаги «Isuzu» 198-сонли автобус билан пойга ўйнаган.
Мазкур қоидабузарлик бўйича ҳар икки ҳайдовчи билан филиал ўртасида тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинган. Автобусга етказилган зарар айбдор ҳайдовчи томонидан ўрнатилган тартибда ундирилади.
Аввалроқ Сирдарёда автобус тўсиқ устига чиқиб кетгани ҳамда Тошкентда автобус 2 пиёдани босиб кетгани ҳақида хабар берилганди.
