Энергетика вазирлиги Ўрта Чирчиқда болаларга китоблар топширди
Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидаги 19-сонли мактабгача таълим ташкилотида 12 апрель куни тарбияланувчиларга «Super Leo» китоблари топширилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, боғчада 276 дан ортиқ тарбияланувчиларга эга ўзбек ва рус тилларидаги гуруҳлар мавжуд.

«Энергетика вазирлиги ва ‘Eriell Group’ компанияси томонидан бугунги кунда долзарб бўлган энерготежамкорлик ва энергосамарадорликка бағишланган китоб чоп этилган эди.

Энергетика вазирлиги томонидан ёш китобсевар болажонларга китоблар етказилиши давом этмоқда. Бизнинг навбатдаги манзилимиз Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида жойлашган мактабгача таълим ташкилотларидан бирида бўлди», дейилади вазирлик хабарида.

Маълумот ўрнида, «Super Leo» — бу болаликдан энергия самарадорлик тўғрисидаги билимлардан хабардорликка тарғиб қилувчи китобдир. Ушбу китоблар Энергетика вазирлиги томонидан қатор идора ва ташкилотлар ҳамда мактабгача таълим ташкилотларига ҳомийлик асосида топширилмоқда.