«Ўзбектелеком» 13 млрд сўмлик тендерни ўзига тегишли корхонага «топширдими»?

«Etender» порталида 12 апрель куни «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси томонидан ўтказилган умумий қиймати 13 миллиард 323 миллион сўмлик 2 та тендер ҳақида маълумот жойланди. Тендерлар 1 апрель куни ўтказилган.

Фото: Яндекс Харитa

Биринчи тендер шартларига кўра, ғолиб мониторинг, телекоммуникация элементлари ва уяли алоқа таянч станцияларининг инфратузилмасини маъмурийлаштириши ва уларга техник хизматлар кўрсатиши керак бўлган. Ушбу тендер 6 миллиард 573 миллион сўмга баҳоланган.

Иккинчи тендер шартларида эса энергия таъминотининг вақтинчалик муқобил манбасини таъминлаш хизматларини бажариш кўрсатилган. Ушбу тендер қиймати 6 миллиард 750 миллион сўмга баҳоланган.

Маълум қилинишича, ушбу лойиҳа Ўзбекистон ҳудудини сифатли алоқа билан таъминлаш мақсадида UzMobile тармоғи инфратузилмаси, GSM/UMTS/LTE ва CDMA стандартларига хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган.

Тендерда учта масъулияти чекланган жамият иштирок этган:

  • «Ўзбектелеком»нинг ўзига тегишли «Granit» МЧЖ (асосий фаолияти қурилиш металл конструкциялари ва буюмлари ишлаб чиқаришдан иборат);
  • Қурилиш вазирлиги рейтингида 30–35 фоиз ишончга эга «Bramis Partners» МЧЖ (асосий фаолиятига кўра қурилиш ишлари билан шуғулланади);
  • «Global Telecom» МЧЖ (асосий фаолияти симли алоқа хизматлари кўрсатишдан иборат).

«Ўзбектелеком» томонидан ўтказилган ушбу икки тендернинг иккаласида ҳам компанияга тегишли «Granit» МЧЖ ғалаба қозонди.

Скрин: «Register.stat.uz»

Протоколга асосан, нега айнан шу корхона ғалаба қозонгани тушунарсиз. Ҳужжатга кўра тендер энг кам нарх таклиф этган ғолибни аниқлаш асосида ўтказилган, аммо иккала тендерда ҳам ҳеч бир корхона нархни бир сўм ҳам туширмаган.

Одатда бундай қийматдаги тендерларда корхоналар тендерни ютиб олиш учун нархни 10 миллиондан 100 миллионгача, баъзида бундан-да кўпроққа туширади. Аммо ушбу ҳолатда нархлар умуман ўзгармаган.

Бундан ташқари, тендер комиссияси иштирокчиларни 6 та мезон (мезонлар билан танишиш) бўйича 100 балли тизимда баҳолайди. Ғолиб айнан шу баллар орқали аниқланади. Аммо «Ўзбектелеком»нинг тендер комиссияси хулосаларига кўра, барча корхоналар 100 балл тўплаган. Лекин тендерларни айнан компанияга тегишли «Granit» МЧЖ ҳеч қандай тушунтиришларсиз қўлга киритган.

1-протоколдан скрин
2-протоколдан скрин

«Bugun.uz» журналисти «Ўзбектелеком» ахборот хизмати билан 13 апрель соат 15:56 да алоқага чиқиб, ушбу ҳолат юзасидан изоҳ сўради. Соат 16:28 да ахборот хизмати вакили журналист билан боғланиб, қуйидаги изоҳни берди:

«Барча тендерлар ўрнатилган тартибда, Ўзбекистон қонунчилиги бўйича амалга оширилган», дейилади компания изоҳида. Аммо бу орада — соат 16:10 ва 16:12 да «Granit» МЧЖ тўсатдан протоколни бекор қилди, унинг ўрнига шу заҳоти асосий фаолиятига кўра қурилиш ишлари билан шуғулланувчи «Bramis Partners» ғолиб деб топилди.

Скрин: «Etender.uzex.uz»

Қизиғи, аввалги протоколга* кўра, ғолиб «Granit» МЧЖ захира ғолиби «Bramis Partners» бўлган бўлса, ҳозирда иккала позицияда ҳам «Bramis Partners» МЧЖ кўрсатилган. Нархлар ва баллар ўзгартиришсиз қолдирилиб, шунчаки ғолиб корхона номи ўзгартирилган.

Ўзгартирилган протокол (1)
Ўзгартирилган протокол (2)

«Bugun.uz» журналистининг тўсатдан киритилган ўзгаришлар бўйича сўровига жавобан «Ўзбектелеком» ахборот хизмати вакили маълумотга эга эмаслигини қайд этди.

Маълумотга кўра, «Ўзбектелеком» акциядорлик жамиятининг 96,23 фоиз акцияси Молия вазирлигига тегишли хисобланади.

*Bugun.uz таҳририятида «Granit» масъулияти чекланган жамияти ғолиб деб топилган протокол мавжуд.

Тошкентда ИИВ раҳбари истеъфосини талаб қилиб, пикет уюштирган блогер янги видеомурожаат йўллади — видео
Янгиликлар18:03 | 3.12.22
Тошкентда ИИВ раҳбари истеъфосини талаб қилиб, пикет уюштирган блогер янги видеомурожаат йўллади — видео
Ўзбекистонда ҳар йили 200 млн кўчат экилиб, шаҳарлардаги яшил майдонлар оширилади
Янгиликлар17:02 | 3.12.22
Ўзбекистонда ҳар йили 200 млн кўчат экилиб, шаҳарлардаги яшил майдонлар оширилади
Президент маслаҳатчиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ Оққўрғон аҳолиси муаммоларини ўрганди
Янгиликлар16:29 | 3.12.22
Президент маслаҳатчиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ Оққўрғон аҳолиси муаммоларини ўрганди
Россияда Ўзбекистон фуқароси 2 кг героин билан қўлга олинди — видео
Янгиликлар16:18 | 3.12.22
Россияда Ўзбекистон фуқароси 2 кг героин билан қўлга олинди — видео
Пелега ўткир респиратор инфекция ташхиси қўйилди
Спорт15:08 | 3.12.22
Пелега ўткир респиратор инфекция ташхиси қўйилди
Қирғизистон ва Тожикистон чегара туманларидаги қишлоқлар ўртасида тўқнашув юз берди
Янгиликлар14:21 | 3.12.22
Қирғизистон ва Тожикистон чегара туманларидаги қишлоқлар ўртасида тўқнашув юз берди