Жаҳон - 9:40 · 13.04.2022

Россияда ўзбекистонлик аёл эркак ҳамюртини пичоқлади

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўзбекистонлик аёл ҳамюртини пичоқлади. Бу ҳақда «Gazeta.SPB» хабар берди.

Фото: «Газета.ru»

Маълум бўлишича, ҳодиса 9 апрель куни кечқурун содир бўлган. Спиртли ичимлик истеъмол қилгандан сўнг 44 ёшли ўзбекистонлик аёл ва 45 ёшли эркак ватандоши ўртасида жанжал келиб чиққан. Оқибатда аёл эркакка пичоқ билан бир неча марта жароҳат етказган. Ҳодисага гувоҳ бўлганлар қонга беланган эркакни пайқаб, тез ёрдам чақирган. Жабрланувчи бўйин, қўл, оёқ ва думба қисмида жароҳатлар билан оғир аҳволда шифохонага етказилган.

Таъкидланишича, гумонланувчи 11 апрель куни қўлга олинган, ҳозирда изоляторга жойлаштирилган. Ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилган.

Аввалроқ Россияда ўзбекистонлик эркаклар ҳамюртларини ўғирлагани ва мамлакатда 7 ёшли ўзбекистонлик бола бармоқларини шиша билан кесиб ташлагани маълум қилинган.

Bugun — LIVE