Жаҳон, Таҳлил - 9:12 · 14.04.2022

Қариси бор уйнинг париси бор. Дунё халқларидаги қарияларга муносабат ҳақида

Кексалик шунчаки биологик эмас, балки маданий жараён ҳамдир. Айнан қариш ва ўлим жараёнига нисбатан турли маданиятларда турли муносабат ва амалиётлар мавжуд ва бу маданий истиқболлар кишилик тарихининг ажралмас бўлагидир. Бугун турли маданиятлар ва халқлар орасида кексаларга нисбатан қандай муносабатда бўлиниши ҳақида гаплашамиз.

Фото: «Shutterstock»

Кўпгина маданиятлар қариш жараёнини илиқ кутиб олса ва ўз кексаларини ҳурмат қилсада, Ғарб маданиятларида қариялар, одатда, жамиятдан четлаштирилади ва касалхоналар ҳамда қариялар уйларига юборилади. Буддист роҳиб ва Нью-Йорк Зен тафаккур марказининг ҳаммуассиси Кошин Пелей Эллисон шундай деган: «Бизнинг маданиятимизда қариш ва ўлим шармандали ҳолатдир. Одамлар қариганларида ўзларини норасо ҳис қила бошлайди ва ҳаётдаги ўринларини йўқотади».

Психолог Эрик Эриксоннинг таъкидлашича, Ғарбнинг қариш қўрқуви тўлиқ ҳаёт кечиришдан сақлайди. «Кексаликнинг маданий ҳаётий идеали йўқлиги сабабли бизнинг цивилизациямиз ҳақиқатан ҳам бутун ҳаёт тушунчасини ўз ичига олмайди», — деб ёзади у.

Фото: «Yandex Zen»

«Қари одам» тушунчаси юнонларда ёмон маъно касб этмайди. Қариш ва ўлим билан боғлиқ Ғарб маданий стигмаси Грецияда мавжуд эмас. Юнон ва Грек-Америка маданиятида кексалар ҳурмат қилинади ва улуғланади, катта ёшли кишиларни ҳурмат қилиш оилада асосий ўрин тутади. Арианна Хаффингтон ўзининг «Қўрқмас бўлишлик тўғрисида» китобида юнон кексаларни ҳурмат қилиш тажрибасини тасвирлаб беради: «Ўн йил олдин мен болаларим билан Родос оролидаги Тарри монастирига ташриф буюрган эдим. Бу ерда ҳам бутун Грецияда бўлгани каби аббатларга ҳамма ‘Геронда’, яъни ‘қари одам’ деб мурожаат қилади.

Аббесслар ‘Герондисса’ деб аталади. Бу ерда кексаларни ҳурмат қилиш, ҳақиқатан ҳам уларнинг донолигини ва Худога яқинлигини улуғлаш ғояси бизнинг Америкадаги қаришга нисбатан муносабатимиздан ҳайратланарли даражада фарқ қилади».

Маҳаллий америкалик оқсоқоллар билим улашувчилар саналади. Замонавий Америка маданиятида ўлимга бўлган муносабат асосан, қўрқув билан тавсифланган бўлса-да, тубжой америкаликлар анъанавий равишда ўлимни ҳаёт ҳақиқати сифатида қабул қилишади. Ер юзида 500 дан ортиқ тубжой америкалик миллат мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири қарилик ва қарияларга ғамхўрлик қилишга ўз анъаналари ва муносабатларига эга.

Фото: «Sixtyandme»

Аммо кўпгина қабила жамоаларида оқсоқоллар донолиги ва ҳаётий тажрибалари учун ҳурматга сазовор саналади. Миссури университети маълумотларига кўра, тубжой америкалик оилаларда оқсоқоллар ўз билимлари ва анъаналарини оиланинг ёш аъзоларига қолдириши одатий ҳолдир.

Кореяда оқсоқолларни жуда ҳурмат қилишади. Корейсларнинг кексаликка бўлган қарашларининг аксарияти Конфуцийнинг фарзандлик тақвоси тамойилига асосланган бўлиб, бу асосий қадрият ота-онани ҳурмат қилишни талаб қилади (гарчи Конфуций хитойлик бўлса-да, Кореяда конфуцийлик узоқ тарихга эга). У ерда оила ёшлари оиланинг қариган аъзоларига ғамхўрлик қилишлари шарт. Кундалик ҳаётда жамият билан мулоқотга киришда ҳам корейсларда кекса одамларни, шунингдек, ҳокимият арбобларини ҳурмат қилиш анъанаси мавжуд.

Конфуций «Аналектлар» асарида шундай ёзади: «Юксак инсон асосга содиқдир. Илдиз мустаҳкам бўлса, ахлоқ қонуни ўсади. Тақводорлик ва биродарлик ҳурмати инсониятнинг илдизидир». Шунингдек, корейс маданиятида инсоннинг 60 ва 70 йиллик туғилган кунларини нишонлаш учун катта байрам ўтказиш одат тусига кирган. «Хван-гап» ёки 60 ёш туғилган куни бу болалар ота-оналарининг кексаликка ўтишларини нишонлайдиган қувончли вақтдир. Бу ёш байрам қилиш учун арзирли сабаб деб ҳисобланади, чунки, уларнинг фикрича, корейсларнинг аждодлари замонавий тиббиёт ютуқларисиз 60 ёшдан ошиб омон қолмаган бўларди. Шунга ўхшаш яна бир катта оилавий байрам «коҳСуи» деб номланади ва 70 ёшга етганликни нишонлаш учун ўтказилади.

Фото: «Newsbeezer»

Хитойда ҳам фарзандлар қариган ота-оналарига ғамхўрлик қилишади. Кореяда бўлгани каби хитойлик оилалар ҳам анъанага кўра болаларга тақводорлик ва катталарни ҳурмат қилишни уқтириш Конфуций анъаналаридан келиб чиққан энг олий фазилат деб билишади. Гарчи ғарблашув жараёни баъзи шаҳарлар ва жамоаларда ушбу қадриятларнинг кучини пасайтирган бўлса-да, фарзандлар ҳали ҳам қариганларида ота-оналарига ғамхўрлик қилишга бурчли.

«Ота-онангизни қариялар уйига жойлаштириш сизни бефарқ ёки ёмон ўғил деб ҳисоблашларига сабаб бўлади», дейди Пекин фуқароси Чжоу Руи «China.org»га берган интервьюсида. Бироқ бу анъана Хитойдаги бир бола сиёсати, ўртача умр кўриш давомийлиги каби омиллар туфайли бузила бошлади. Қариялар уйлари кексаларни парвариш қилиш учун ижтимоий жиҳатдан мақбул вариантга айлана бошламоқда.

Ҳиндистонда оқсоқоллар оила бошлиғи ҳисобланади. Кўпгина ҳиндлар қўшма оила иттифоқларида яшайдилар ва бунда оқсоқоллар оила бошлиғи саналади. Кексалар оиланинг кичик аъзолари томонидан қўллаб-қувватланади, улар невараларни тарбиялашда муҳим роль ўйнайди.

«Оилавий молиявий қарорлардан тортиб, анъанавий тўй маросимлари ва оила ичидаги можароларнинг майда-чуйдаларигача бўлган бир қатор масалаларда улардан маслаҳат сўралади. Ва бу шунчаки пассив маслаҳат эмас, низоларни ҳал қилишда уларнинг сўзи якунийдир», — дейди Ачют Биҳани машҳур халқаро «Quora.com» савол-жавоб порталида ёза туриб.

Фото: «The Indian Express»

Ҳиндистонда оила оқсоқолларини ҳурмат қилмаслик ёки уларни қариялар уйига юбориш ижтимоий стигмага эга, дея қўшимча қилади Биҳани.

Афро-Америка жамиятида ўлимга ўтган умрни нишонлаш учун имконият сифатида қаралади. Бу маданиятда ўлим «ҳаётнинг табиий ритми»нинг бир қисми сифатида қаралади, бу эса қариш жараёни атрофидаги маданий қўрқувни камайтиради. Шу сабабли, Карен Ҳ. Меерс ўзининг «Ўлим ва ўлим ҳақидаги ҳақиқат» асарида шундай ёзади: «Афро-америкалик дафн маросимлари гўёки ўтган умрни тасдиқ этади ва қайғу билан аралашган байрам ҳавосига эга бўлади».

Қадимги Римда оқсоқоллар қимматбаҳо манба саналган. Қадимги Римда ўртача умр кўриш тахминан 25 ёшни ташкил этган бўлсада, баъзи одамлар 70 ёшгача умр кўрган ва улар одатда донолиги учун ҳурматга сазовор бўлган. «Римликлар ўзларининг қарияларидан фойдаланган ва уларнинг донолиги ва тажрибасига ниҳоятда ишонишган», деб ёзади Ридинг университети ходими, доктор Карен Кокайн. У Сицероннинг сўзларидан иқтибос келтиради: «Инсон учун доноликдан кўра азизроқ нарса йўқ ва ёш, шубҳасиз, бизни унга мушарраф қилади».

Шунингдек, кўпгина туркий анъаналарда кексаларга ғамхўрлик қилиш туркий қадриятларнинг асосий устунидир. Диний нуқтаи назардан, Қуръоннинг кўплаб оят ва сураларида кексаларга ғамхўрлик қилишнинг фазилатлилиги, шунингдек, оила учун масъулиятнинг муҳимлиги тасвирланган.

Ўзбек халқи орасида ҳам кексаларга ҳурмат-эҳтиром энг олий қадриятлардан бири бўлиб, Хитойдаги каби ўзбеклар орасида ҳам ота-онасини кекса чоғида қариялар уйига топшириш уятли ҳолат саналади. Деярли барча ўзбек хонадонларида ҳар қандай ишга катталарнинг рози-ризолиги ва йўл-йўриғи билан қўл урилади.

Фото: «Bugun.uz»

Ўзбекистонда кексаларга ҳурмат давлат сиёсати даражасигача кўтарилган бўлиб, бу Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги «Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 816-сонли қарорида ҳам ўз аксини топади. Бундан ташқари, ўзбек халқи орасида айнан шу қадрият ўз ифодасини топган Халқимизда «Қариси бор уйнинг париси бор», «Қари бор уйнинг зари бор», «Қари уйнинг фариштаси, саранжоми, сариштаси» деган ҳикматона нақллар юради.

Умуман олганда, кексаларга эъзоз дунё ҳамжамиятида аҳамиятли мавзу бўлиб, БМТ Бош Ассамблеясининг 1990 йил 14 декабрдаги резолюцияси билан 1 октябрнинг «Халқаро кексалар куни» сифатида белгиланиши ҳам бунинг далилидир.

Bugun — LIVE