Жаҳон, Сиёсат - 16:07 · 14.04.2022

Садир Жапаров қирғиз-тожик можаросига муносабат билдирди

Қирғизистон президенти Садир Жапаров қирғиз-тожик чегарасидаги можарога муносабат билдирди. Бу ҳақда «24.kg» хабар берди.

Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати

«Биз демократик йўлдан силжимаймиз. Сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари, албатта, сақланиб қолади ва ҳурмат қилинади. Мамлакатимизда ҳар ким ўзи хоҳлаганини айтиши, турли акцияларда қатнашиши мумкин. Ҳеч қандай чекловлар йўқ. Қўшни давлатлар билан можаролар ҳақида гап кетганда, маълумотни бузиб кўрсатадиган ва ушбу давлатлар раҳбарларини ҳақорат қилувчи турли видео ва фото материалларни тарқатишга йўл қўйманг. Бу ахлоқий меъёрларга жавоб бермайди. Шундай қилиб, вазиятни оғирлаштирасиз ва икки халқ ўртасида жанжал қўзғатасиз. Ҳа, чегара муаммоси бор», — деган давлат раҳбари.

Шунингдек, у бу муаммо 30 йилдан буён ҳал этилмагани ва эҳтиёткорлик талаб қилишини айтиб, ҳозирда музокаралар олиб борилаётганини қўшимча қилган.

«Белгиланмаган километрлар кўп. Бу вақт талаб этади. Худо хоҳласа, президентлик муддатим тугагунча бу масалани ҳал этиш ниятидаман», — деб ёзади Қирғизистон президенти.

Садир Жапаров журналистларга мурожаат қилиб, «сўз эркинлиги орқасига яшириниб», ёлғон маълумот тарқатмасликка чақирган.

«Бир ой олдин сохта аккаунт остида Қирғизистон гўёки Украинага оғир ҳарбий техника ва аскарларни ташишни бошлагани ҳақида маълумот тарқалди. Расмий ОАВ орқали шундай маълумотларни тарқатган фуқаролар ҳам бўлди. Бундай қилиш уят ҳисобланади. Қирғизистон жаҳон ҳамжамиятига ёлғон кўринишда тақдим этилмоқда. Агар мухолифат бўлмоқчи бўлсангиз, шахсан менга бўлсин, мамлакатни тинч қўйинг. Уруш билан ўйнашманг. Аллоҳим халқимизни урушдан асрасин», — деган у.

Аввалроқ Қирғизистон ва Тожикистон чегарадаги отишма бўйича музокара ўтказганди. Шунингдек, Ўзбекистон–Қирғизистон чегарасида отишма содир бўлганди.

Bugun — LIVE