Юридик университет ректорига эмас, масъул раҳбарига жарима белгиланган
Тошкент Давлат юридик университети масъул раҳбарига тарихий бинодаги рухсатсиз ўзгартиришлар туфайли маъмурий жавобгарлик белгилангани ҳақида хабар берилганди. Университет ахборот хизмати мазкур хабар юзасидан тушунтириш берди.

Маълум қилинишича, 2022 йилнинг 14 март куни Тошкент шаҳар Маданий мерос бошқармаси ходимлари университетда ўрганиш ўтказиб, объектда муҳофаза белги ўрнатилмаганлиги, пешлавҳалар маданий мерос агентлиги билан келишмаганлигини аниқлаган ва шу куннинг ўзида ҳолатни бартараф этиш ҳақида 16-17-сон билан кўрсатма ва огоҳлантириш хатлари киритган.
Университет ўрнатилган пешлавҳалар бўйича эксперт хулосаси тақдим этиш учун Тошкент шаҳар маданий мерос бошқармаси қошидаги Илмий-эксперт кенгашига 16 мартда хат киритган.
Кейинчалик ТДЮ эксплуатация ва таъмирлаш бошқарма бошлиғи Ихтиёр Бозаров Тошкент шаҳар прокуратурасига чақиртирилиб, ундан ҳолат бўйича тушунтириш хати олинган.
Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 31 мартдаги қарори билан Бозаровга Маъмурий-жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1985-моддаси 1-қисми билан БҲМнинг 3 баравари миқдорида жарима қўлланилган.
Суд мажлисига Ихтиёр Бозаров чақирилмаган ва иштирок этмаган, маъмурий баённома билан таништирилмаган. Ҳозирда у томонидан суд қарорига нисбатан шикоят тайёрланмоқда.
«Юқоридагиларга кўра интернет нашрларида ‘ТДЮ раҳбари — ректор жавобгарликка тортилди’ мазмунида тарқатилган хабар ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумот ҳисобланади.
Қайд этиш керакки, юқорида кўрсатилган бинодаги ўзгартиришлар 2013-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 1 июлдаги Р-4094-сон фармойиши асосида амалга оширилган капитал таъмирлаш вақтида бажарилган.
Университет ва унинг раҳбарияти ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар тарқатган ҳар қандай субъектлар ҳаракатига қонуний баҳо бериш учун тегишли органларга мурожаат тайёрланмоқда», дейилади университет баёнотида.
«Bugun.uz» нашри ҳам дастлаб, 13 апрель куни ушбу хабарни «Юридик университет ректори жаримага тортилди» сарлавҳаси остида эълон қилди. 14 апрель куни университет ахборот хизмати таҳририятга мурожаат қилиб, ректор жаримага тортилгани тўғрисидаги маълумот хато эканини маълум қилди. Шундан сўнг хабар сарлавҳаси ўзгартирилди.
«Bugun.uz» таҳририяти асосланмаган маълумотни эълон қилгани учун ўқувчилари ва Тошкент Давлат юридик университети раҳбариятидан узр сўрайди. Мазкур хабарни нашр қилган муҳаррирга таҳририят ички тартиби асосида тегишли чора кўрилди.