Жамият, Сиёсат - 9:02 · 15.04.2022

АҚШ давлат департаменти Ўзбекистонга оид инсон ҳуқуқлари бўйича ҳисоботини эълон қилди

АҚШ давлат департаменти Ўзбекистонга оид инсон ҳуқуқлари бўйича 2021 йил билан боғлиқ ҳисоботини эълон қилди. Бу ҳақда департмент веб-сайтида хабар берилди.

Фото: «Bugun.uz»

Унда қайд этилишича, Ўзбекистон — Президент Шавкат Мирзиёев ва унинг тарафдорлари бошчилигидаги сиёсий тузумга эга бўлган конституциявий республика. 24 октябрь куни президентлик сайлови бўлиб ўтган ва Президент Мирзиёев умумий овозларнинг 80,2 фоизини олиб, қайта сайланган. Сайловчилар учун эса ҳақиқий сиёсий муқобил танлов имкони бўлмаган, чунки ҳақиқий мухолифат номзодлари рўйхатдан ўта олмаган ёки сайловда қатнашолмаган. Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти «сайлов куни тинч ўтган бўлсада, овоз бериш, овозларни санаб чиқиш ва натижаларни кўрсатиш чоғида жиддий қонунбузарликлар бўлгани ва муҳим хавфсизлик чоралари кўпинча эътибордан четда қолган»ини таъкидлаган.

«Ҳукумат жиноий фаолиятни текшириш ва хавфсизликни таъминлаш учун 4 хил ташкилотга ҳуқуқ берган. Ички ишлар вазирлиги ҳуқуқни муҳофаза қилиш, тартибни сақлаш ва жиноятларни тергов қилиш учун масъул бўлган милицияни назорат қилади. Шунингдек, милиция ходимлари инсон ҳуқуқларини бузганликда айбланса, уларни текширади ва жазолайди. Миллий гвардия жамоат тартибини ва дипломатик ваколатхоналар, радио ва телевидение ҳамда бошқа давлат тузилмалари хавфсизлигини таъминлайди.

Раиси бевосита Президентга бўйсунадиган Давлат хавфсизлик хизмати миллий хавфсизлик ва разведка масалалари, жумладан, терроризм, коррупция, уюшган жиноятчилик, чегара назорати ва гиёҳванд моддалар билан шуғулланади. Бош прокуратурага фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятлар бўйича дастлабки терговни олиб бориш, жиноят содир этишда айбланган шахслар ва ташкилотларни жавобгарликка тортиш ваколати берилган», дейилади хабарда.

Қайд этилишича, мамлакатда фуқаролик ҳокимияти одатда хавфсизлик кучлари устидан самарали назоратни ушлаб туради, бироқ хавфсизлик хизматлари фуқаролик тузилмаларига кириб борган. Фуқаролик ҳокимияти хавфсизлик ходимлари билан ноаниқ муносабатда бўлгани фуқаролик ҳокимияти доираси ва чегараларини аниқлашни қийинлаштиради. Хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, хусусан полиция ва қамоқхона ходимлари томонидан лавозимни суиистеъмол қилиш билан боғлиқ хабарлар ҳам мавжуд.

«Инсон ҳуқуқлари бўйича жиддий ташвишлар қуйидаги ҳолатлар билан боғлиқ хабарларни ўз ичига олади: ноқонуний ёки ўзбошимчалик билан ўлдиришлар, жумладан, суддан ташқари қотилликлар; қийноқлар ёки шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазо; ўзбошимчалик билан ушлаш ёки қамоққа олиш; сиёсий қамашлар. Бундан ташқари, сўз ва оммавий ахборот воситалари эркинлигига нисбатан қаттиқ чекловлар, шу жумладан, цензура ва туҳмат ҳамда туҳматга оид жиноий қонунларнинг мавжудлиги; тинч йиғилишлар эркинлиги ва бирлашмалар эркинлигига жиддий аралашув, жумладан, фуқаролик жамияти ташкилотлари, ҳуқуқ ҳимоячилари ва ҳукуматни танқид қилувчи бошқа шахслар фаолиятига чекловлар; диний ва ҳаракат эркинлигини чеклаш; одам савдоси», дейилади ҳисоботда.

Келтирилишича, ҳуқуқ-тартибот органларининг инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва мансабдор шахсларга нисбатан коррупция ҳолатларини текширишга қаратилган айрим ҳаракатларига қарамай, ҳукумат амалдорларининг жазосиз қолиши кенг тарқалганлигича қолмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистон «Heritage Foundation»нинг навбатдаги «Иқтисодий эркинлик индекси» бўйича ҳисоботида ҳам иқтисодиёти асосан эркин бўлмаган мамлакатлар гуруҳида қолганди. Шунингдек, Ўзбекистон мазкур рейтингнинг «Эркин савдо» назорат кўрсаткичида АҚШ, Япония, Хитой ва Россия каби давлатларни ортда қолдириб, 67-ўринга кўтарилгани хабар қилинганди.