Автомобилнинг олд ўриндиғидаги йўловчи хавфсизлик камарини тақмаса, жаримани ким тўлайди?
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мурод Шерлиев автомобилнинг олд ўриндиғидаги йўловчи хавфсизлик камарини тақмаса, жаримани ким тўлаши ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда 15 апрель куни ЙҲХХ мутасаддилари ва журналистлар давра суҳбатида қатнашган «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Қайд этилишича, 1 майдан кучга кириши режалаштирилган йўл ҳаракати қоидаларида автомобиль ҳайдовчиси ва унинг олд ўриндиғидаги йўловчилар ҳаракатни бошлашдан олдин хавфсизлик камарларини тақиб олишлари шартлиги белгиланганди. Шунингдек, саломатлиги хавфсизлик камари тақиш имконини бермайдиган беморларга уни такмасликка рухсат берилиши маълум қилинганди. Мурод Шерлиев бундан бошқа ҳолатларда йўловчи хавфсизлик камарини тақмаса, жаримани ким тўлаши ҳақида гапирди.
«Ҳақиқатан ҳам касал одам бўлса, орқадаги ўриндиқ бўш бўлса, уни ўша ерга ўтказиш керак. Орқада эса бемалол камар тақмаса бўлади, бу ҳозирда тавсиявий норма ҳисобланади. Агар ўзининг касаллигини исботлайдиган бўлса, тиббий маълумотномаси билан юриши керак. Ўзидан-ўзи мен касалман деб кетаверса, ҳамма олдига ўтирволади-да, камар тақмайди, менга мумкин эмас, деб бошлайди. Йўлда турган инспектор унинг касал-касалмаслигини қаердан билади? Яна камар тақмаслик, яна йўл ҳаракати қоидаларига бўйсунмаслик, яна унга итоат қилмаслик бошланади.
Шунинг учун ҳам ҳайдовчининг мажбуриятлари йўл ҳаракати қоидаларида алоҳида кўрсатиб ўтилган. Ҳайдовчи олдиндаги йўловчини хавфсизлик камарини тақиши учун огоҳлантириши керак, ундан кейин йўловчи камарни тақмаса, унинг ўзига чора кўрилади, ҳайдовчига эмас», — деди ЙҲХХ бошқарма бошлиғи ўринбосари.
Мавзуга доир:
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда автомобилнинг орқа ўриндиғидаги йўловчи ҳам хавфсизлик камарини тақиши мажбурий бўлиши ҳақида хабар берилганди.