Жамият - 18:39 · 15.04.2022

Божхона қўмитаси «Ўзбектелеком»дан 1,2 млрд сўмлик VPN хизматларини сотиб олди

Давлат харидлари махсус ахборот порталида 12 апрель куни Давлат божхона қўмитаси томонидан 1 миллиард 213 миллион сўмлик шартнома эълон қилинди. Унга кўра, қўмита «Ўзбектелеком» акциядорлик компаниясидан VPN хизматларини сотиб олган.

Фото: «Shutterstock»

Ушбу ҳужжат 2022 йил 20 январдаги SPI0-1456/VPN-сон Абонент шартномасига қўшимча келишув шартномаси бўлиб, VPN хизматларини кўрсатиш керак бўлган 52 та ҳудудда кўрсатилган 117 та хизмат бўйича маълумот берилган.

«Bugun.uz» Божхона қўмитаси билан боғланиб, давлат ташкилотига бу миқдордаги VPN хизмати нима сабабдан керак бўлгани билан қизиқди. Қайд этилишича, божхона постларида мавжуд минглаб видеокузатув камералари ҳамда 20 дан зиёд инспекцион мажмуалар мавжуд ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун ягона тизим талаб этилади.

«Божхона органларида 130 дан ортиқ объект бор. Соҳа фаолиятига 60 дан ортиқ ахборот тизимлари жорий қилинган, 30 дан ортиқ интерактив хизматлар йўлга қўйилган. 20 та давлат идораси билан ҳамда ўнлаб давлатларнинг божхона идоралари билан ўзаро ахборот алмашинувлари амалга оширилади.

Ҳозирда чегара божхона постларида 2 мингдан зиёд видеокузатув камералари, 20 дан зиёд инспекцион кўрик мажмуалари мавжуд. Уларнинг ўзаро интеграциялашуви ҳамда марказдан туриб фаолиятини мувофиқлаштириш ягона тизим орқали амалга оширилади.

Тизим фаолияти эса бевосита алоқа каналлари орқали амалга оширилишини инобатга олсак, рақамлаштириш кенгайган сайин алоқа каналларининг тезлиги ва сифатини оширишга зарурат туғилади», — дея ҳолатни изоҳлади қўмита ахборот хизмати вакили Ҳусан Тангриев.

Унинг сўзларига кўра, агар ахборот тизимлари фаолиятида ва электрон хизматларни кўрсатишда ахборот узатиш тезлиги суст бўлса, бу ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлади.

Қайд этилишича, шу сабабдан Божхона қўмитаси «Ўзбектелеком» компанияси билан ҳамкорликда илк маротаба божхона органларидаги мавжуд алоқа каналларида ахборот узатишнинг тезлигини оширишга қаратилган шартномани имзолаган. Шартномага кўра, алоқа оператори бир йил давомида божхона органларига ҳимояланган алоқа каналини тақдим қилади.