Жамият, Жаҳон - 21:00 · 15.04.2022

Бугун оқшоми. Орқа ўриндиқда ҳам тақиладиган хавфсизлик камарлари, давлат органларига тақиқланган ортиқча ҳаражат, Путиннинг 2021 йилда топган пули

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Янги ҳафта учун яхши хабар: Ўзбекистонда кейинги ҳафта бошида ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлади.

Фото: «Bugun.uz»

Ўзбекистон ҳудудига 18–20 апрель кунлари Туркманистон орқали Эрондан нам ҳаво, сўнгра Волгабўйи ҳудудларидан нисбатан салқин ҳаво массаси кириб келади. Оқибатда шу кунлари баъзи жойларда ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлади. Хусусан, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Жиззах, Тошкент, Сирдарё вилоятларида кучли ёмғир ёғиши кутилмоқда.

Унгача эса шу ҳафтанинг дам олиш кунларида жойларда момақалдироқ бўлиши мумкин, чўл ҳудудларда ва шимолда шамол 17–22 метр/секундгача кучаяди, айрим ҳудудларда чанг тўзон кузатилади. Ушбу кунларда ҳарорат кечалари 14–19 даража илиқ, кундуз кунлари 30–35 даража иссиқни ташкил етади. Бу меъёрий қийматлардан 6–8 даражага юқор бўлади.

Ўзбекистонда автомобилнинг орқа ўриндиғидаги йўловчи ҳам хавфсизлик камарини тақиши мажбурий бўлади. Ҳозирча бу тавсиявий ҳаракатерга эга.

Фото: «Bugun.uz»

Йўл ҳарақати хавфсизлиги хизмати бошқарма бошлиғи ўринбосари Мурод Шерлиевга кўра, орқа ўриндиқдагилар камарни тақиши керак деган жумла бу ҳозирги кунда тавсиявий, мажбурий эмас. Аммо кейинчалик (худди ривожланган давлатлардагидек) мажбурий бўлади, унгача аҳоли шу тартибга ўрганиб туриши керак. Бунинг қачондан мажбурий бўлиши ҳақида аниқ ёки тахминий вақт айтилгани йўқ.

«Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдинов машиналардаги ҳолатни ўз карикатурасида тасвирлади.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Ҳайдовчининг ёнидаги йўловчи ҳам хавфсизлик камарини тақиши мажбурий бўлди. Агар у тақилмаган бўлса, жаримани ким тўлайди?

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошқармаси бошлиғи ўринбосарининг сўзларига кўра, бундай ҳолатда ҳайдовчи эмас, айнан камарни тақмаган йўловчининг ўзи жаримага тортилади. Аммо ҳайдовчи йўловчини бу (камарни тақиш) ҳақда огоҳлантириши керак.

Олди ўриндиқда ўтирган пайтда баъзи истисно ҳолатлардагина хавфсизлик камарини тақмаслик мумкин, у ҳам бўлса касаликни исботловчи ҳужжат ёнингизда бўлиши.

Бунга 7 та касаллик ва ҳомиладорлик пайтида рухсат берилган. Қандай ҳолатларда йўловчи хавфсизлик камарини тақмаслиги мумкинлиги ҳақида бу ерда ўқишингиз мумкин.

Давлат органларига йил якунигача ортиқча харажат қилиш тақиқланди.

Президентнинг тегишли қарорига мувофиқ, давлат органларига 2022 йил якунигача асосий воситаларни харид қилиши ҳамда бино ва иншоотларни таъмирлаши тақиқланди (мактаблар, боғчалар, тиббиёт ва тиббий-ижтимоий муассасалари, меҳрибонлик уйлари мустасно).

Фото: «Bugun.uz»

Шунингдек, 2022 йилда қўшилган қиймат солиғи бўйича даромадлар ошириб бажарилган қисмидан ҳудудий бюджетларга йўналтириладиган маблағларнинг 40 фоизи республика бюджетида қолдирилади. 2022 йил 1 майдан давлат органлари ва ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармаларидан Давлат хизматини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратмалар қилиш тўхтатилади.

Бундан ташқари, 2022 йил апрель‒декабрь ойларида давлат органларининг бюджетдан ташқари жамғармаларига келиб тушган маблағларнинг ҳамда жамғармадаги бўш турган пулларни банкка жойлаштириш орқали олинадиган даромадларнинг 15 фоизи республика бюджетига ўтказилади.

Ўзбекистонда 1 июндан тадбиркорлар учун солиқ маъмурчилиги ва текшириш тизими соддалашади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев 2022 йил 1 июндан тадбиркорлар учун солиқ маъмурчилиги ва текширишлар тизими соддалаштирилишини эълон қилди. Асосий ўзгаришлар қуйидагича:

  • мол-мулк солиғини ҳисоблаш тизими бозор тамойилларига ўтказилганини инобатга олиб, қўшимча юқори солиқ ставкаларини қўллаш тартиби бекор қилинади;
  • айланмаси 1 миллиард сўмдан ошган тадбиркорларга қўшилган қиймат солиғи тўловчиси гувоҳномаси дастлабки ўрганишсиз, автоматик тарзда берилади;
  • тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашувларни олдини олиш учун энди 22 та турдаги текширув фақат Бизнес-омбудсман рухсати билан амалга оширилади;
  • юқори хавф даражаси мавжуд бўлган тадбиркорларга қўшилган қиймат солиғи тўловчиси гувоҳномасини тўхтатиб қўйишдан олдин хабардор этиш тартиби жорий этилади.

АҚШ давлат департаменти Ўзбекистонга оид инсон ҳуқуқлари бўйича 2021 йил билан боғлиқ ҳисоботини эълон қилди. Асосий тезислар.

Фото: «Bugun.uz»

Президент сайлови: сайловчилар учун ҳақиқий сиёсий муқобил танлов имкони бўлмаган, чунки ҳақиқий мухолифат номзодлари рўйхатдан ўта олмаган ёки сайловда қатнашолмаган. Сайлов куни «тинч ўтган бўлсада, овоз бериш, овозларни санаб чиқиш ва натижаларни кўрсатиш чоғида жиддий қонунбузарликлар бўлган ва муҳим хавфсизлик чоралари кўпинча эътибордан четда қолган».

Фуқаролик ҳокимияти: у одатда хавфсизлик кучлари устидан самарали назоратни ушлаб туради, бироқ хавфсизлик хизматлари фуқаролик тузилмаларига кириб борган. «Хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, хусусан полиция ва қамоқхона ходимлари томонидан лавозимни суиистеъмол қилиш билан боғлиқ хабарлар ҳам мавжуд», дейилади ҳисоботда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича жиддий ташвишлар: сўз ва оммавий ахборот воситалари эркинлигига нисбатан қаттиқ чекловлар, шу жумладан, цензура ва туҳмат ҳамда туҳматга оид жиноий қонунларнинг мавжудлиги; ҳуқуқ ҳимоячилари ва ҳукуматни танқид қилувчи бошқа шахслар фаолиятига чекловлар; диний ва ҳаракат эркинлигини чеклаш; ўзбошимчалик билан ушлаш ёки қамоққа олиш; сиёсий қамашлар.

Ҳисоботнинг тўлиқ шаклини ўзбек тилида бу ерда ўқишингиз мумкин.

Бошқа хабарлар пунктларда:

  • Божхона қўмитаси «Ўзбектелеком»дан 1,2 млрд сўмлик VPN хизматларини сотиб олди. Қўмита ахборот хизмати Bugun.uz’га бу нима сабабдан кераклигини тушунтирди;
  • Президент фермерларни энг кўп қийнайдиган муаммоларга тўхталди. Шунингдек, буни ҳал қилиш бўйича вилоят ҳокимларига топшириқ берди;
  • Икки қутбли дунёнинг кўринмас жанги. Совуқ уруш — саналарда.

Хўш, оламда нима гап?

Россия президенти Владимир Путин 2021 йилда 10,2 миллион рубль ишлаб топган. Кремль сайтида эълон қилинган тегишли ҳужжатга кўра, бу 2020 йилги даромадидан деярли 200 минг рублга кўп.

Фото: Кремль матбуот хизмати

Путин 77 квадрат метрли турар жой биноси, 18 квадрат метрга эга гараж ва иккита ноёб «ГАЗ М21», «Нива» ва «Скиф» трейлерига эга.

Маълумот учун, 2020 йилда Путин 9,994 миллион рубль, 2019 йилда 9,726 миллион, 2018 йилда эса 8,648 миллион рубль ишлаб топган.

2017 йилда президентнинг даромади 18,7 миллион рублни ташкил қилган. Ўсишга 1,5 минг квадрат метрли ер участкасининг сотилгани сабаб бўлган. 2016 ва 2015 йилларда давлат раҳбари бир хил — 8,9 миллион рубль, 2014 йилда эса 7,654 миллион рубль ишлаб топган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.