Жамият, Тошкент вил. - 8:05 · 15.04.2022

«Harbiy Savdo-Chirchiq» корхонасида 15,3 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилгани аниқланди

«Harbiy Savdo-Chirchiq» давлат унитар корхонасида 15,3 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилгани аниқланди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, агентликка «Harbiy Savdo-Chirchiq» ДУК мансабдорларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари, жумладан, жуда кўп миқдордаги мулкларни талон-торож қилиш, ўз мансаб ва хизмат мавқеидан қонунга ҳилоф равишда фойдаланиб, пул маблағларини ўзлаштириш, «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун ҳужжатларини бузиш ва бошқа турдаги иқтисодий жиноятлар содир этиб келинаётганлиги бўйича фуқаролардан келиб тушган мурожаат асосида мазкур корхонада ўрганиш ўтказилган.

Ўрганиш давомида корхона моддий жавобгар шахслари томонидан меҳнат муносабатлари, давлат харидлари тартибини белгиловчи ҳамда бошқа қонун ҳужжатларининг бузилиши натижасида корхона фаолиятида жами 15,3 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланган.

Ўрганиш якунлари бўйича тўпланган ҳужжатлар Жиноят-процессуал кодексинингнинг 329-330-моддаларига (Жиноятга оид аризалар, хабарлар ва бошқа маълумотларни кўриб чиқиш тартиби ҳамда Жиноятга оид маълумотларни кўриб чиқиш натижасида қабул қилинадиган қарорлар) асосан қонуний қарор қабул қилиш учун 2022 йил 24 февраль куни Бош прокуратурага юборилди.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, 2022 йил 12 март куни «Harbiy Savdo-Chirchiq» ДУК моддий жавобгар шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми «г» (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Сурхондарёда МЧЖ раҳбари «Алоқабанк» томонидан ажратилган 220 минг доллар кредитни ўзлаштирганди. Шунингдек, Сирдарёда «Халқ банки» собиқ ходимлари 61 кишининг пулини ўзлаштиргани аниқланганди. Улар фуқаролар хабардорлигисиз 1,2 млрд сўм кредит ажратиб, «еб» юборган.