Таҳлил - 15:37 · 15.04.2022

Икки қутбли дунёнинг кўринмас жанги. Совуқ уруш — саналарда

Иккинчи жаҳон уруши ниҳоясига етиши ортидан дунё яна бир уруш гирдобига кириб қолди. Бу урушда асосан икки қудратли давлат тўқнашиши керак эди. Аммо бу юз бермади. Ҳақиқий урушда тўқнашмаган бу икки давлат — АҚШ ва СССР ўртасидаги уруш тарихда Совуқ уруш номи билан муҳрланди. Асосан, таъсир доиралар, манфаатлар тўқнашган ҳудудлар, қуролланиш пойгаси каби воқеалар фонида дунё 50 йилдан ортиқ давр мобайнида кенг кўламли ядро уруши хавфи остида яшади. Бу урушнинг сабаблари ҳақида жилд-жилд китоблар ёзиш мумкин. Ушбу мақолада совуқ урушни 11 та асосий санада кўриб чиқамиз ва вазият ҳақида тушунчага эга бўлишга ҳаракат қиламиз.

Фото: «Quora»

1945 йил, Қрим конференцияси

1945 йилнинг 4–11 февраль кунлари Черчилл, Рузвелт ва Сталин Қримнинг Ялта шаҳрида мағлуб этилган Германиянинг кейинги тақдири ҳақида келишиб олиш учун йиғилди. Шу тариқа Германия тўртта таъсир зонасига бўлинди. Совет таъсир зонасида қолган Берлин ҳам ўз навбатида тўртга бўлинадиган бўлди. Ялтада СССРнинг Японияга ҳужуми борасида ва БМТ ташкил этилиши ҳақида илк бор гаплашилди. Бу конференциянинг мантиқий давоми бўлган Потсдам конференцияси пайтига келиб эса вазият бироз таранглашган эди. 1945 йилнинг июль–август ойларига келиб, Қизил армия томонидан озод қилинган ҳудудларда cоветлар коммунистик режимларни ўрнатгани АҚШнинг режаларига тўғри келмаётган эди.

1947 йил 12 март, Трумен доктринаси

АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Гарри Трумен Конгресс олдига СССР хавфи остида бўлган давлатлар (Туркия ва Греция) учун ҳарбий ва иқтисодий кўмак беришга қаратилган ҳужжатни тақдим қилди. Бу доктрина Қўшма Штатларнинг демократик мамлакатлар ишларига аралашувини оқлайди ва у эркин дунёнинг Совет агрессиясига қарши муносабати дея баҳоланди. Шу тариқа, Трумен ўзидан олдинги президент Рузвелтнинг ташқи сиёсат борасидаги концепциясига якун ясади. Мамлакат ташқи сиёсати янги моҳият касб этиб, яккаланиш ўрнини интервенционизм эгаллади.

1947 йил 5 июнь, Маршал режаси

Иккинчи жаҳон урушидан кейин Европа иқтисодий жиҳатдан жуда абгор аҳволда эди. АҚШнинг ўша пайтдаги Давлат котиби Жорж Маршал 1947 йил 5 июнь куни Гарвард университетида қилган нутқида Америка экспортини таъминлаш ва Совет васвасасининг олдини олиш мақсадида Европа иқтисодиётини жонлантиришга қаратилган молиявий ва иқтисодий ёрдамлар режаси ҳақида гапирди. Бу Маршал режаси дея тарихга кирди. 1948 йил 16 апрель куни 16 та давлат Париж шаҳрида бу ҳақдаги махсус конвенцияни имзолади ва бу Европа иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига замин яратди.

1947 йил 22 сентябрь, Жданов доктринаси

Америка ўз қадамини ташлар экан СССР ҳам қараб турмади. 1947 йилнинг 22 сентябрь куни СССР, Польша, Югославия, Руминия, Чехословакия, Болгария, Венгрия, Италия ва Франция коммунистик партиялари делегациялари Варшавада тўпланди. У ерда СССРга Ғарбдаги коммунистик партиялар фаолиятини назорат қилишга имкон берувчи Коминформ ташкилотини тузди. Бу баъзи жиҳатлари билан Коминтерннинг давомчисидек эди.

Сталиннинг ўнг қўли ҳисобланган Андрей Жданов шу куни дунё бундан буён иккига ажралганини таъкидлади. Бири АҚШ бошчилигидаги «империалист ва антидемократик» қутб, иккинчиси эса СССР бошлиқ «Антиимпериалист ва демократик» қутб. Бу чиқиш Трумен доктринасига ўзига хос жавоб эди ва дунёнинг икки қутбга бўлинишининг бошланиши эди.

1948–1949 йиллар, Берлин блокадаси

Фото: «Wikipedia»

1947 йилда инглизлар ва америкаликлар ўз таъсир доирасидаги ҳудудларни бирлаштириб, у ерда ягона пул бирлиги жорий этди. Германиянинг қайта кучайишидан хавфсираган Сталин Ғарбий Берлинда истиқомат қилаётган берлинликларни таъминотдан узиб қўйиш мақсадида шаҳарни блокадага олди. Ҳаво йўлларидан бошқа барча йўллар советлар томонидан эгалланди ва назорат ўрнатилди.

Америкалик генерал Клей фурсатдан фойдаланиб, ҳаво юкини йўлга қўйди ва шаҳарни таъминлади. Қарийб бир йил давомида Ғарбий берлинликлар икки миллион тоннадан ортиқ озиқ-овқат ва кўмир олди. Блокаданинг муваффақиятсизликка учрагани ортидан Сталин 1949 йил 12 май куни уни бекор қилди.

1950 йил 25 июнь, Корея уруши

Шимолий Кореядаги коммунистлар 38-параллелни кесиб ўтди. Бу пайтда жануб АҚШ таъсири остида эди. Оқибатда Америка БМТга жанубни ҳимоя қилиш бўйича сўров юборди ва 16 давлатдан иборат иттифоқчилар қўшинини ташкил қилди.

Америкалик генерал Мак Артур ўзининг қарши ҳужумларини кучайтираётган Шимолий Корея иттифоқчиси бўлган Коммунистик Хитойга қарши ядро қуролидан фойдаланишни хоҳларди. Аммо президент Трумен буни истамади ва янги бир дунёвий можаронинг олди олинди. Кореядаги уруш эса 1953 йил июль ойида тинчлик сулҳи тузилиши билан ниҳоясига етди.

1961 йил август, Берлин деворининг қурилиши

Шарқдаги немислар (ГДР) Ғарбий Германия (ФРГ) халқининг иқтисодий фаровонлиги ва сўз эркинлигига ҳавас қиларди. 1953 йилдаги қўзғолон муваффақиятсизликка учрагач, юз минглаб одамлар шу тарзда Ғарбга кўчиб ўтди. Ўн йил давомида бу кўрсаткич икки миллионга чиқди. ГДР ҳукумати эса бу кўчиб кетишнинг олдини олиш мақсадида август ойининг 12-дан 13-га ўтар кечаси шарқ ва ғарб ўртасида машҳур деворни қурдирди. Девор эса тинимсиз кузатув остида эди.

1962 йил октябрь, Куба инқирози

1959 йил Батиста диктатураси қулатилганидан бошлаб Кубани Фидел Кастро бошқариб келаётган эди. У эса СССР билан ҳар томонлама яқинлашиш йўлини тутди. 1961 йилда АҚШ ҳукумати Кастрони ағдариб ташлашга уриниб кўрди, аммо операция муваффақиятсиз тугади.

1962 йил 14 октябрда Америка самолётлари Куба томон кетаётган ракеталар ва ракета отиш майдончалари ортилган совет юк кемаларини пайқаб қолди. Бунга жавобан Кеннеди Куба олиб борадиган барча денгиз йўлларини тўсиб қўйди. Блокада иш берди ва 1962 йил 14 октябрь куни Совет кемалари ортга қайтишга рози бўлди. Бунга жавобан АҚШ Кубани ўз ҳолига қўйиши ва Туркиядаги ракеталарини олиб чиқиши керак эди. Яна бир ядро урушининг олди олинди.

1985 йил апрель, «перестройка» ва демократлаштириш

Фото: «Britannica»

Бу даврга келиб Шарқий блокда демократия шабадалари эсмоқда эди. СССР раҳбари Михаил Горбачёв Совет Иттифоқида демократия ва социализм бирлашган тузум ўрнатиш учун очиқлик ва қайта қуриш сиёсатини олиб борди. 1989 йил баҳорида Халқ депутатлари кенгашига сайловлар бўлиб ўтди ва 22 май куни Горбачёв бу кенгаш томонидан давлат раҳбари этиб сайланди. У Брежнев тарафдорларини четлатди, Хрушчёв бошлаган десталинизация жараёнини давом эттирди ва халққа сўз эркинлигини тақдим этди.

1989 йил 9 ноябрь, Берлин деворининг қулаши

«Уят девори» деб номланган Берлин деворини узоқ давом этган норозилик намойишларидан сўнг бузишга қарор қилинди. 1989 йил 9 ноябрда бошланган деворнинг бузилиши, 1991 йилга келиб бутунлай якунланди. Бир кечада қурилган бу деворнинг бузилиши узоқ вақт талаб этгани эса диққатга сазовордир. Бу девор, шунчаки девор эмас, балки икки ғоя ўртасидаги девор эди. Бундай деворларнинг қулаши эса вақт талаб қилади. 1990 йил 3 октябрь куни Германиянинг бирлашгани эълон қилинди.

1991 йил 26 декабрь, СССРнинг қулаши

Қулади, парчаланди, йўқ бўлди. Хоҳлаган сўзни ишлатинг. Ҳақиқат шуки, бу 70 йил ҳукм сурган қизил империянинг ниҳояси бўлди. Давлатнинг саккизинчи ва охирги раҳбари Горбачёв ўз вазифасидан кетганини эълон қилди ва барча вазифаларини Россия Федерацияси президенти Борис Елцинга топширди. Шу билан Совуқ уруш даври ниҳоясига етгани эълон қилинди.

Жаҳонгир Остонов тайёрлади