Жамият - 14:08 · 15.04.2022

Москвада мигрантлар ишлаётган бино томи қулаб тушиб, бир нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди

Москвада меҳнат мигрантлари ишлаётган бино томи қулаб тушди. Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳолат юзасидан маълумот берди.

Фото: Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги

Таъкидланишича, Москва шаҳридаги Бригадирск кўчасидаги бинолардан бирида олиб борилаётган таъмирлаш ишлари вақтида бино томи қулаб тушган. Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси томонидан ўрганишлар натижасида маълум бўлишича, таъмирлаш ишларида ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари бўлган.

Ҳодиса оқибатида бир нафар ўзбекистонлик Э.Н. ҳалок бўлган ва бир фуқаро ҳозирда шифохонага ётқизилган. Айни вақтда вафот этган Ўзбекистон фуқаросининг жасадини ватанга қайтариш чоралари кўрилмоқда.

Аввалроқ Россияда ўзбекистонлик аёл эркак ҳамюртини пичоқлагани ҳақида хабар қилинганди. Шунингдек, Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида 12 апрель куни ўзбекистонлик қиз ўзини Александр Невский кўпригидан ташлаб юборганди.