Ўзбекистонда автомобилнинг олдидаги йўловчи қандай ҳолатларда «ремень» тақмаслиги мумкин?
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошқармаси бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров 15 апрель куни журналистлар билан ўтказилган давра суҳбатида автомобилнинг олд ўриндиғидаги йўловчи қандай ҳолатларда хавфсизлик камарини тақмаслиги мумкинлигини айтди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Қайд этилишича, олд ўриндиқдаги йўловчи хавфсизлик камарини тақиши мажбурийлиги белгиланган. Бироқ ЙҲХХ вакили айрим ҳолатларда, хусусан, саломатлиги хавфсизлик камари тақиш имконини бермайдиган беморларга уни тақмасликка рухсат берилиши ҳақида гапирди.
«Таъкидлаш керакки, йўл ҳаракати қоидаларини ишлаб чиқишда бевосита Соғлиқни сақлаш вазирлигидан ҳам мутахассислар иштирок этган. Оддийгина қилиб айтсам, камар тақмайдиган касалликлар кўзга кўринадиган бўлади-да. Мисол учун, ҳомиладор аёллар.
Шунингдек, бизга 8 та касаллик рўйхати берилган. Улар: умров ва тўш суякларининг синиши, елка камари синиши, яъни гипсдагилар, ўпка сурункали касалликларининг 4-босқичи, бронхиал асма, ўпканинг интерстициал зарарланиши, ўпканинг бир қисми ёки бутун қисми олиб ташланган бўлса, сурункали юрак етишмовчилигининг 3-босқичи ва хомиладор аёллар. Булардан бошқаси ўтмайди», — дея таъкидлади Эрали Бозоров.
Мавзуга доир:
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда турар жой даҳаларида автомобиль тезлиги 20 километрдан оширилмаслиги белгиланганди.