Жамият - 12:26 · 15.04.2022

Ўзбекистонда автомобилнинг орқа ўриндиғидаги йўловчи ҳам хавфсизлик камарини тақиши мажбурий бўлади

Ўзбекистонда автомобилнинг орқа ўриндиғидаги йўловчи ҳам хавфсизлик камарини тақиши мажбурий бўлади. Бу ҳақда Йўл ҳарақати хафсизлиги хизмати бошқарма бошлиғи ўринбосари Мурод Шерлиев 15 апрель куни журналистлар билан ўтказилган давра суҳбатида айтиб ўтди, дея хабар бермоқда «Bugun.uz» мухбири.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, тасдиқланган йўл ҳарақатининг янги қоидаларида ҳайдовчи 7 ёшгача болаларни махсус болалар ўриндиғида, 7–12 ёшдагиларни махсус ушлаб турурвчи мосламалар билан хавфсизлик камарини таққан ҳолда ташиш, транспортнинг орқа ўриндиғидаги йўловчилар ҳам хавфсизлик камарини тақиб олишлари бўйича манзилли тегишли чора-тадбирлар амалга оширилиши ёзилган. Муродбек Шердиев ушбу масалага изоҳ берди.

«Хавфсизлик камари инсон ҳаёти, соғлиғи билан боғлиқлиги сабаб тақилиши керак бўлган нарса. Шундай бўлсада, биз фақат мажбурий тартибда ҳайдовчи ва олд ўриндиқдаги йўловчи камар тақишни белгиладик. 7 ёшгача бўлган болалар махсус ўриндиқларда ўтриши, 7–12 ёшдагилар хафвсизлик камарини кичрайтирадиган мосламалар орқали тақиши белгиланган.

Орқа ўриндиқдагилар камарни тақиши керак деган жумла бу ҳозирги кунда тавсиявий, мажбурий эмас. Бироқ кейинчалик барибир мажбурийга ўтишимиз лозим бўлади. Сабаби хорижий давлатларда ҳам транспорт воситасига ўтиргандан сўнг барча йўловчилар хавфсизлик камарини тақиб, ҳаракатланади. Шунинг учун, биз ҳозир фуқароларимизга қулайлик бўлиши учун огоҳлантириш, тавсиявий йўналишда қилдик. Кейинчалик барча фуқаролар ўрганиб бўлганидан сўнг, буни мажбурий қилиб қўямиз», — деди ЙҲХХ бошқарма бошлиғи ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда автомобилнинг олд ўриндиғидаги йўловчи хавфсизлик камарини тақиши мажбурий бўлиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, турар жой даҳаларида автомобиль тезлиги 20 километрдан оширилмаслиги белгиланганди.