Жамият - 21:33 · 15.04.2022

Ўзбекистонда ўқитувчилар учун сертификатлар жорий этилади

Шавкат Мирзиёевнинг«Таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

Фото: «Халқ сўзи Online»

Унга кўра, Президент таълим муассасалари агентлиги  ҳузуридаги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш маркази Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази этиб қайта номланади. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

  • Агентлик тизимидаги таълим муассасалари учун давлат таълим стандарти, ўқув режалари, таълим дастурлари ва дарслик мажмуаларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни харид қилиш;
  • Агентлик тизимидаги таълим муассасалари битирувчиларини якуний давлат аттестациясидан ўтказиш;
  • таълим соҳасидаги илғор тажрибаларни ўрганиш ва Ўзбекистонда жорий этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, ўқитувчиларнинг билим ва кўникмаларини баҳолаш ва сертификатлашни хорижий мамлакатларнинг етакчи илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликда амалга ошириш;
  • раҳбар ва педагог кадрларни узлуксиз касбий ривожлантириш, уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат таълим талабларини ишлаб чиқиш ҳамда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда малака ошириш курсларини ташкил этиш;
  • Агентлик тизимидаги таълим муассасаларини илмий-методик жиҳатдан таъминлаш, фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар ўтказиш, тадқиқот натижаларини амалиётга кенг жорий этиш.

Шунингдек, Марказ томонидан педагог кадрларнинг билим даражаси ва касбий маҳоратини баҳолаш барча талабгорлар учун шартнома асосида амалга оширилади. Педагог кадрларнинг билим даражаси ва касбий маҳоратини баҳолаш натижаси бўйича 2 йил муддат давомида амал қилувчи «Илғор ўқитувчи», «Устоз ўқитувчи» ҳамда «Профессионал ўқитувчи» даражали сертификатлар берилади.

Қайд этилишича, агентлик тизимидаги таълим муассасаларининг халқаро миқёсда тан олинадиган «Илғор ўқитувчи», «Устоз ўқитувчи» ёки «Профессионал ўқитувчи» даражали сертификатни олган педагог кадрларига қуйидаги миқдорда қўшимча ҳақ тўланади:

  • «Илғор ўқитувчи» даражали сертификатни олган педагог кадрларга уларнинг базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойлик 50 фоиз миқдорида;
  • «Устоз ўқитувчи» даражали сертификатни олган педагог кадрларга уларнинг базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойлик 70 фоиз миқдорида;
  • «Профессионал ўқитувчи» даражали сертификатни олган педагог кадрларга уларнинг базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойлик 100 фоиз миқдорида.

Келтирилишича, агентлик тизимидаги таълим муассасаларига«Илғор ўқитувчи», «Устоз ўқитувчи» ёки «Профессионал ўқитувчи» даражали сертификатни олган педагог кадрларни уларнинг малака тоифасидан қатъи назар ишга қабул қилиш ҳуқуқи берилади.

Мавзуга доир:

Аввалроқ AОКAда 22 апрель, пайшанба куни ОТМ муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрлар малакасини оширишга бағишланган матбуот анжуманида вазирликнинг бош илмий методик маркази директори Тўймурод Шоймардонов ўз ҳисобидан малака оширган профессор ўқитувчилардан тушган маблағлар қаерга сарфланиши ҳақида маълумот берганди.