Жамият - 14:43 · 15.04.2022

Президент фермерларни энг кўп қийнайдиган муаммоларга тўхталди

Шавкат Мирзиёев раислигида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш орқали бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ҳамда бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча шароитлар яратиш юзасидан идеоселектор йиғилиши бошланди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар бермоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда давлат раҳбари деҳқон ва фермерларни энг кўп қийнайдиган масалаларни санаб ўтди:

  • ҳосилдор ва ишончли уруғ ва кўчат навларининг камлиги;
  • пешана тери эвазига етиштирилган маҳсулот кафолатли харид қилинмаслиги.

«Вақт жуда кам қолди, деҳқончиликда баҳорнинг ҳар бир куни, ҳар бир соати муҳим», — деди Мирзиёев.

Шу сабабли ҳосилдор уруғ ва кўчат навларини жойларга етказиш ва маҳсулотни сотиб олишга Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан Боғдорчилик агентлигига қўшимча 300 миллиард сўм ажратилади. Шунингдек, янги сув омборлари атрофидаги 100 минг гектардан ортиқ ерларга тадбиркорларни жалб этиб, инфратузилма яратишга ёрдам бериб, мос келадиган экинлар экишни ташкил қилиш кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Вилоят ҳокимларига бир ой муддатда:

  • ўз ҳудудидаги сув омборлари атрофидаги янги ерларнинг харитасини тузиш;
  • ерларни контурларга ажратиб, уларга ирригация тармоғини лойиҳалаш;
  • ушбу майдонларда озиқ-овқат ва озуқа экинларини экишга тайёр инвесторларни жалб қилиш бўйича лойиҳа тўпламларини тайёрлаш топширилди.

Аввалроқ 2022 йилда 7,7 миллион тонна буғдой ҳамда 23 миллион тонна мева-сабзавот етиштириб, 1,5 миллиард доллар экспортни таъминлаш зарурлиги таъкидланганди.