Жамият, Қашқадарё - 10:01 · 15.04.2022

Қаршининг собиқ ва ҳозирги ҳокимлари қамоққа олингани рад этилди

Қарши шаҳрининг собиқ ва ҳозирги ҳокимлари ер талон–торож қилишда айбланиб, қамоққа олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят прокуратураси ахборот хизмати «Bugun.uz»га ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, прокуратура томонидан ер талон-торож қилиш ҳолатлари бўйича текширув ўтказилган. Унда хизмат сохтакорлигига йўл қўйган кадастр, қурилиш бўлими, шаҳар ҳокимлиги собиқ юристлари, жами 7 киши Жиноят кодексининг 205 — (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 206 — (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 209 — (Мансаб сохтакорлиги), 2294 — (Ер бериш тартибини бузиш) моддалари билан айбланиб, жиноят иши суд муҳокамасига юборилган.

Мазкур жиноят иши бўйича Қарши шаҳрининг собиқ ҳокими Жамшид Фозилов ва амалдаги ҳоким Нормўмин Холбоевлар айбланувчи сифатида жалб қилинмаган. Ижтимоий тармоқларда собиқ ва амалдаги шаҳар ҳокимлари жиноий иш доирасида айбдор деб топилиб, қамоққа олинганлиги ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатилган.

«Шунга кўра, аҳоли орасида ёлғон ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш тегишли жавобгарликни келтириб чиқариши ҳақида огоҳлантирамиз», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Наманганда 15 минг доллар пора талаб қилган ҳоким ёрдамчиси ушлангани ҳақида хабар қилинганди. У 1500 доллар ва 5,6 миллион сўмни олаётганда қўлга тушган.