Сиёсат - 20:11 · 15.04.2022

Тожикистонда МДҲ давлатлари ташқи ишлар вазирлари кенгаши бўлиб ўтади

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ташқи ишлар вазирлари кенгаши бўлиб ўтади. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Sputnik»

Россия ТИВ МДҲ давлатлари биринчи департаменти директори Михаил Евдокимов бу бўйича маълумот берган.

«МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг йиғилишлари анъанага кўра йилига икки марта ўтказилади. Навбатдаги йиғилиш тахминий равишда 13 май куни Душанбеда, кузги йиғилиш эса 13 октябрь куни Нур-Султонда бўлиб ўтиши кутилмоқда», — деган Евдокимов.

Учрашувда МДҲ давлатлари вазирлари халқаро ва минтақавий масалаларни кўриб чиқади. Бундан ташқари, Украинадаги вазият ҳам муҳокама қилинади.

Аввалроқ Москвада МДҲ хавфсизлик кенгашлари котибларининг йиғилиши бўлиб ўтганди.