Жамият, Тошкент ш. - 23:41 · 15.04.2022

Тошкентда одамларни 3 миллион долларга алдаган «трейдер» ушланди — видео

Тошкентда одамларни 3 миллион долларга алдаган сохта тадбиркор қўлга олинди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали хабар берди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, самарқандлик муқаддам судланган фуқаро 2020 йил пойтахтда инвестиция фирмасини очган. Фаолият давомида «тадбиркор» фуқароларга ҳар ой киритилган маблағнинг 10 фоизи миқдорида фойда олишини айтиб, барқарор даромад таклиф қилган.

Келтирилишича, қўлга олинган шахс ўз фаолияти давомида 560 нафар фуқаро билан «бизнес юритган». Бугунги кунга қадар компаниянинг 100 га яқин мижозларидан 3 миллион долларга яқин пул олинган. Одамлардан олинган пулга сохта тадбиркор қимматбаҳо соатлар, автомобиллар, кўчмас мулк ва бошқа нарсалар сотиб олган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари «тадбиркор» ва ушбу фирибгарлик схемасига алоқадор бошқа шахсларни қўлга олган.

Қайд этилишича, мазкур эркакка нисбатан Жиноят кодексининг 168 (Фирибгарлик), 178 (Хорижий валютани яшириш), 179 (Сохта тадбиркорлик), 184 (Солиқ ёки тўловларни тўлашдан бўйин товлаш), 188-1 (Пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият), 189 (Cавдо ёки хизматлар кўрсатиш қоидаларини бузиш) ва 243-моддалари (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Самарқандда аёл ва унинг қизи сир сақланиши керак бўлган видеоларни тарқатишни айтиб, танишидан 2000 доллар талаб қилганди. Шунингдек, Навоийда обрўсизлантирувчи расмини тарқатиш билан қўрқитиб, фуқародан пул талаб қилган аёл ушланганди.