Жаҳон - 22:02 · 15.04.2022

Вайрон бўлган қишлоқ, Буча ҳақида фильм ва Украинага сафар қилишга тайёр бўлган Байден

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 15 апрель куни содир бўлган мазкур можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «Reuters»

Украина Давлат чегара хизмати Киев вилоятидаги Горенка қишлоғининг 77 фоизи вайрон бўлганини маълум қилди.

Россиянинг Украинага ҳужуми бошланганидан бери ҳалок бўлган болалар сони 198 нафарга етди. Бу ҳақда Украина Бош прокурори офиси хабар берди. Қайд этилишича, ҳозиргача тўқнашувлар оқибатида 355 нафардан ортиқ бола жароҳатланган. Энг кўп Донецк (117), Киев (105) ва Харьков (81) вилоятларидаги болалар жабр кўрган.

Бир кун аввал Харьков вилоятининг Александровка қишлоғининг ўққа тутилиши натижасида 9 ва 11 ёшли икки бола яралангани хабар қилинган эди.

Санкциялар туфайли Альфа-банк иловаси App Store’дан ўчириб юборилди.

Бучада руслар томонидан тинч аҳолининг ўлдирилиши ҳақида ҳужжатли фильм суратга олинади. Лойиҳа устида «Қоғоз бино» («House Of Cards») фильмининг сценарий муаллифи ишлаётгани айтилган.

Таъкидланишича, америкалик сценарист Бо Уиллимон Россия армиясининг Киев вилоятидаги жиноятлари ҳақида материал тўплаш учун Буча шаҳрига келган.

Украина Қуролли кучлари Бош штаби можаро бошидан бери Россия армиясининг жанговар йўқотишлари тахминан 20 минг кишини ташкил этганини эълон қилди.

Шунингдек, Украина ҳарбийларининг маълумотларига кўра, 51 кунлик уруш давомида Россия қуйидагиларни йўқотган:

  • 756 та танк;
  • 1976 та зирҳли транспорт воситалари;
  • 366 артиллерия тизими;
  • 122 кўп ракета тизимлари;
  • 66 та ҳаво мудофаа тизими;
  • 163 самолёт ва 144 вертолёт;
  • 8 та кема.

Шимолий Македония Ташқи ишлар вазирлиги яна олти нафар россиялик дипломатни персона нон грата деб эълон қилди.

28 март куни республика беш нафар россиялик дипломатни мамлакатдан чиқариб юборган эди. дипломатлар. Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова Москва Шимолий Македониянинг бу қадамига жавоб беришини ваъда қилган.

Қайд этилишича, уруш бошланганидан бери Ғарб давлатлари 200 нафардан ортиқ рус дипломатларини ўз ҳудудидан чиқариб юборган.

Оқ уй АҚШ президенти Жо Байденнинг Украинага сафари режалаштирилмаганини маълум қилди.

Аввалроқ Байден Киевга келишга тайёрлигини маълум қилганди.

«AFP» Киевнинг тунда ўққа тутилиши натижасида Нептун ракеталарини ишлаб чиқарадиган завод вайрон бўлганини хабар қилди.

Киев расмийларига кўра, айнан шундай ракета билан «Москва» крейсерига зарба берилган.

АҚШ Украинага яқин 24 соат ичида янги қуроллар партиясини еткизиб беради.

«CNN» АҚШ Мудофаа вазирлигининг юқори мартабали вакилига таяниб хабар қилишича, қурол чегарада Украина ҳарбийларига топширилади. Юкнинг аниқ таркиби ҳозирча номаълум экани айтилган.

«CNN» шунингдек, Россия шу ҳафта АҚШ Давлат департаментига дипломатик нота йўллагани ҳақида хабар берган. Россия томони қурол етказиб бериш давом эттирилган тақдирда Вашингтон «башорат қилиб бўлмайдиган» оқибатларга учрашини таъкидлаган.

Аввалроқ 14 апрель ва 13 апрель куни содир бўлган Россия–Украина можаросига алоқадор асосий янгиликлар тақдим этилганди.