Жаҳон - 22:17 · 16.04.2022

Билл Гейтс пандемияни ўзгартириши мумкин бўлган жараённи айтди

Агар олимлар эртароқ ковидга қарши препарат ишлаб чиқишганида, коронавирус пандемияси бошқача кечган бўларди. Бу ҳақда Microsoft асосчиси, миллиардер Билл Гейтс «The New York Times»даги мақоласида маълум қилди.

Фото: «Getty Images»

Миллиардернинг сўзларига кўра, касалликнинг авж олишида терапевтик воситалар муҳим аҳамиятга эга, шу сабабли келажакда уларни ишлаб чиқаришни кечиктиришга йўл қўймаслик керак. Гейтс ковидни даволовчи биринчи дорилар пайдо бўлиши билан дунё аҳолисининг кўпчилиги вакцинанинг камида битта дозасини олганини айтган.

«Агар олимлар дориларни эртароқ ишлаб чиққанида эди, коронавирус пандемияси бошқача кечарди», — дейди у.

Миллиардер янги пандемия юзага келган тақдирда, ҳатто 100 кун ичида янги вакцина ишлаб чиқилса ҳам, аҳолининг аксарият қисмини эмлаш учун кўп вақт керак бўлишини айтган. Вируснинг генетик кодини ва у учун энг муҳим оқсилларни аниқлаш, кейин клиник олди синовлар олиб бориш кераклигини таъкидланган.

Агар у муваффақиятли ўтса, олимлар одамларда клиник синовлар ўтказади. Дори хавфсиз ва самарали экани маълум бўлгач, олимлар уни тасдиқлаш учун ариза беради, шундан сўнг ишлаб чиқаришни бошлаш мумкин.

Гейтснинг фикрича, бу жараённи тезлаштириш ва тартибга солиш йўллари бор: тадқиқотчилар мавжуд даволаш усуллари янги патогенларга қарши ишлашини тезда синаб кўриши, туғма иммунитетни ошириши ва сунъий интеллектга сармоя киритишлари учун дори бирикмаларидан иборат катта «кутубхоналар» қуриши керак.

Аввалроқ коронавируснинг қандай кечишини аниқлаш йўли топилганди. Шунингдек, ковиддан тузалгандан кейин кузатиладиган яна бир касаллик маълум қилинган.