Жамият, Жаҳон - 21:00 · 16.04.2022

Бугун оқшоми. Ҳоким саҳифасига обуна бўлишга мажбурланаётган ўқитувчилар, Қирғизистонга тикланган автобус қатнови, Афғонистонни бомбардимон қилган Покистон

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Коронавирусни эсдан чиқариб юбордик, лекин у бизни унутгани йўқ. Ҳали ҳам у биз билан. Шу сабабли уни яна бир бор эслашга қарор қилдик. Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 239 мингга яқинлашди, уларнинг 99 фоизи тузалган. Мамлакатда 15 апрель ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 238 252 (+38) нафарни, инфекциядан тузалганлар сони эса 236 228 нафарни (99 фоиз) ташкил қилмоқда.

Ушбу рақамлар ҳозир биз учун қўрқинчли эмас, аммо 2 йил олдинги худди шу кундаги ваҳимани эслайсизми? Соғлиқни сақлаш вазирлиги Telegram канали тарихига қарайдиган бўлсак, 15 апрель кун давомида 88 нафар бемор аниқланган (коронастатистика кунига 3 марта янгиланган!). Аммо бу рақамларга ҳозирги кундаги реакция билан ўша пайтдагисини фарқи бор. Қизиқ замонлар.

Ўзбекистондан Қирғизистонга автобус қатнови ҳам тикланди.

Фото: «Manas.news»

Икки йил аввалги «қора туш» (коронавирус пайтидаги карантин назарда тутилмоқда, чалкаштириб юборманг) даврида тўхтатилган автобус қатнови тикланди. 15 апрель, жума кунидан бошлаб Тошкентдан Бишкекка ҳар куни автобус қатнови йўлга тушган. Имконингиз бўлса, боринг, айланинг, дунё кезинг (Қирғизистондан бошлаб бўлса ҳам).

Ғофур Раҳимов Бокс федерацияси биринчи вице-президенти этиб сайланди. Умид Якубов эса федерацияга президент бўлди.

Фото: Twitter

Ўзбекистон профессионал бокс федерациясининг навбатдан ташқари конференциясида Халқаро кураш ассоциацияси (ИКА) бош котиби сифатида фаолият кўрсатиб келаётган Умид Якубов Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси президенти, тажрибали мутахассис Ғофур Раҳимов биринчи вице-президент ҳамда Зиёвуддин Хожиниёзов вице-президент вазифаларига жамоатчилик асосида сайланган.

Мажбурий обунанинг замонавий тури: Паркентда ўқитувчилар туман ҳокимининг интернетдаги саҳифаларига обуна бўлишга мажбур қилинмоқда.

Тошкент вилояти Паркент туманида ўқитувчи ва ўқувчилар туманнинг ижтимоий тармоқлар (хусусан, Telegram ва Facebook)даги саҳифаларига обуна бўлишга мажбурлангани ҳақида видео тарқалди. Олдин газета эди, энди тармоқлардаги саҳифаларга мажбурий обуна — ўқитувчиларга ҳам раҳминг келади.

Видеода онлайн йиғилиш ўтказилаётгани, унда ҳокимликка қарашли Telegram каналлар ва ҳоким Шоҳруҳ Шоаҳмедовнинг Facebook’даги саҳифасига обуна бўлиш кераклиги топшириқ қилиб берилганини кўриш мумкин.
«100 фоиз мактаб ўқитувчилари қўшилсин. Уларнинг 10 фоизида Telegram ёки Facebook бўлмаслиги мумкин. Лекин қолган ҳаммасида 100 фоиз бор.

14 ёшдан катта ўқувчилар мактабларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари зиммасига юклатилади. Улар биттадан ўз қариндошини қўшиб (ота ва онаси билан), обуна бўлиб беради…», — дейди у.

Ҳокимлик ходими муддат ҳам берган. Сўнг туман ҳокими обуналарни шахсан ўзи кўриб ўтирганини айтган (даҳшат-а?! бутун бошли бир туман ҳокими ўқитувчиларни саҳифаларга обуна бўлишни кузатиб ўтирибди! даҳшат!).

«Ўқувчилар учун муддат душанбагача. Ўқитувчиларники бугун. Туман ҳокимининг ўзи назорат қилиб турибди. Ҳар соатда кириб, ‘подписаться’ бўлганлар сонини кўриб турибди. Рўйхатини қилиб, халқ таълими бўлимига берасизлар», — деган ходим.

Ҳокимликдагилар жуда «инновацион» фикрлайдиган кўринади, обунани бекор қиладиганларни ҳам алоҳида рўйхатини тузаркан. Айтадику, техника мўъжизасини кўрганману, лекин бунақаси…

«‘Подписаться’ бўлдим деб кўрсатиб, рўйхатини бериб, кетидан чиқиб кетишнинг кераги йўқ. ‘Покинуть’ қилганларнинг рўйхатини оламиз, яна ўзингизга ташлаб берамиз. Қайта-қайта барибир ‘подписаться’ қилишимиз керак», — деган ходим.

«Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдинов ҳокимликнинг «инновацион» юришига атаб карикатура чизди.

Карикатура: Ҳабибулло Мўйдинов

Хўш, оламда нима гап?

Покистон ва Афғонистон ўртасида қуролли можаролар бошланди. Покистон мамлакатнинг чегарадош вилоятларига авиазарбалар берди, покистонлик чегарачилар эса афғон чегарачиларига қарата ўқ узди.

Покистон самолётлари Афғонистоннинг Хост, Кунар ва Пактика вилоятларини бомбардимон қилди. Ҳаво ҳужумлари 15 апрель куни шимолий Вазиристон чегарасида 7 покистонлик аскарнинг ўлдирилиши билан боғлиқ. Тахминларга кўра, чегарачилар Афғонистон толиблари «ортига яширинган» «Теҳрик-и Толибон Покистон» аъзолари томонидан амалга оширилган.

Фото / Иллюстратив: «Air Force Magazine»

Кунар вилоятининг чегарага яқин ҳудудларига берилган авиация ва артиллерия ҳужуми оқибатида камида 6 нафар тинч аҳоли, жумладан, 5 нафар вояга етмаганлар ҳалок бўлган.

Ҳолат юзасидан «Толибон» чегарага қўшимча кучларни жойлаштирмоқда. Хост вилоятидаги «Толибон» полицияси қишлоқларга авиазарбалар берилганини тасдиқлаган. Айрим манбалар ҳужум оқибатида 20 га яқин одам ҳалок бўлганини айтмоқда. Бу орада эса Покистон ҳарбийлари Дуранд линияси яқинида афғон фуқароларининг автомашиналарига қарата ўт очди.

Киев вилоятида 900 дан ортиқ тинч аҳолининг жасади топилди.

Украинанинг Киев вилояти полицияси Андрея Небитовга кўра, уларнинг аксарияти отиб ўлдирилган, бу кўп одамлар «шунчаки қатл этилганидан» дарак беради. Украина томони рус аскарлари ҳудуддан чиқиб кетганидан кейин шундай ҳолат кузатилганини айтмоқда.

Фото: «Independent»

Шунингдек, у ҳалок бўлганлар орасида 95 фоизининг танасида ўқ ёки снайпер излари борлиги, жасадлар қишлоқ, шаҳар кўчалари ва вақтинча дафн этилган ҳудудлардан топилаётганини айтган. Россия қўшинлари томонидан вақтинча босиб олинган Киев вилоятининг барча 180 та аҳоли пунктида ҳозир полиция патруллари ишламоқда. Энг кўп ўлим Бучада — 350 дан ортиқ жасад қайд этилган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.