Жамият, Жаҳон - 22:00 · 16.04.2022

Ҳалок бўлган болалар сони, ўққа тутилган Украина шаҳарлари, Херсонда «пайдо бўлиб қолган» 824 та қабр

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 16 апрель куни содир бўлган мазкур можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «Униан»

Италия ташқи ишлар вазири Луиджи Ди Майо мамлакат элчихонаси душанба (18 апрель) кунидан бошлаб Киевда қайта иш бошлашини маълум қилди.

Аввалроқ Чехия, Туркия, Словения, Эстония, Латвия ва Литва ўз элчихоналарини қайта очганди.

16 апрель куни тонгда Украинанинг бир қанча шаҳарлари ўққа тутилди.

Украина оммавий ахборот воситалари Киев ва Николаевда, шунингдек Львовда, Полтавада ва Луганскда портлашлар бўлганини маълум қилди. Қайд этилишича, воқеалар оқибатида ўлганлар ва яраланганлар бор. Киев раҳбари Виталий Кличко ҳам шаҳар эрталаб ўққа тутилганини тасдиқлади.

Шаҳар мерининг сўзларига кўра, Киев чеккасидаги Дарницкий туманида портлаш овози эшитилган. Ҳозирда воқеа жойида қутқарувчилар ва тез тиббий ёрдам ходимлари ишлаётгани айтилган. Жабрланганлар ҳақидаги маълумотларга аниқлик киритилаётгани таъкидланган.

Украина Бош прокуратурасининг маълумотларига кўра, уруш бошланганидан бери 200 нафар бола ҳалок бўлган, 360 нафардан ортиқ бола эса жароҳатланган.

Энг кўп бола Донецк вилоятида (117), Киевда (105) ва Харьковда (88) ҳалок бўлган.

Буюк Британия Мудофаа вазирлиги Украинадаги вазият ҳақида ўзининг навбатдаги баёнотини берди. Унга кўра:

  • Украинанинг урушдан жабр кўрган ҳудудларидаги йўл инфратузилмаси катта зарар кўрган. Россия қўшинлари Украина шимолидан чиқиб кетаётганда кўприкларни вайрон қилиш, миналар қўйиш орқали вазиятни янада ёмонлаштирган;
  • Чернигов ва унинг атрофидаги кўприкларнинг вайрон бўлиши натижасида шаҳарнинг ўзида Десна дарёси устидаги фақат битта пиёдалар кўприги қолган. Урушдан олдин шаҳарда 285 мингга яқин аҳоли яшаган.
  • Россия кучлари томонидан илгари қамалда бўлган ҳудудларда Украина транспорт инфратузилмасига етказилган зарар ҳозирда гуманитар ёрдам етказилишидаги асосий муаммо бўлиб турибди.

Херсоннинг сунъий йўлдошдан олинган суратлари орқали 800 дан ортиқ янги қабр топилди.

28 февралдан 15 апрелгача Херсон шаҳар қабристонида камида 824 та янги қабр пайдо бўлди. Бу ҳақда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи, Лондондаги Ахборот барқарорлиги маркази хабар берди.

Қайд этилишича, марказ Planet Lab компанияси томонидан суньий йўлдош орқали олинган тасвирларга таяниб шу хулосага келган.

Маълумот ўрнида, Украина билан урушнинг биринчи ҳафтасида Херсон рус ҳарбийлари томонидан эгалланган. Урушдан олдин 280 минг аҳолига эга бўлган шаҳарни ҳозирда кўпчилик тарк этган.

Аввалроқ 14 ва 15 апрель куни содир бўлган Россия–Украина можаросига алоқадор асосий янгиликлар тақдим  этилганди.