«Ҳокимнинг ўзи ‘подписка’ни текшириб ўтирибди» — Паркент тумани ҳокимлиги ходими
Тошкент вилояти Паркент туманида ўқитувчи ва ўқувчилар туманнинг ижтимоий тармоқлар (хусусан, Telegram ва Facebook)даги саҳифаларига обуна бўлишга мажбурлангани ҳақида видео тарқалди.

Видеода онлайн йиғилиш ўтказилаётгани, унда ҳокимликка қарашли Telegram каналлар ва ҳоким Шоҳруҳ Шоаҳмедовнинг Facebook’даги саҳифасига обуна бўлиш кераклиги топшириқ қилиб берилганини кўриш мумкин.
«100 фоиз мактаб ўқитувчилари қўшилсин. Уларнинг 10 фоизида Telegram ёки Facebook бўлмаслиги мумкин. Лекин қолган ҳаммасида 100 фоиз бор.
14 ёшдан катта ўқувчилар мактабларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари зиммасига юклатилади. Улар биттадан ўз қариндошини қўшиб (ота ва онаси билан), обуна бўлиб беради…
Ўқувчилар учун муддат душанбагача. Ўқитувчиларники бугун. Туман ҳокимининг ўзи назорат қилиб турибди. Ҳар соатда кириб, ‘подписаться’ бўлганлар сонини кўриб турибди. Рўйхатини қилиб, халқ таълими бўлимига берасизлар.
‘Подписаться’ бўлдим деб кўрсатиб, рўйхатини бериб, кетидан чиқиб кетишнинг кераги йўқ. ‘Покинуть’ қилганларнинг рўйхатини оламиз, яна ўзингизга ташлаб берамиз. Қайта-қайта барибир ‘подписаться’ қилишимиз керак», — деган ходим.
Аввалроқ Тошкент вилоятида ўқувчилар дарс вақтида мажбурий меҳнатга жалб қилингани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Қашқадарёда ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилган мактаб директори лавозимидан олинган.