Жаҳон - 14:01 · 16.04.2022

Киев вилоятида 900 дан ортиқ тинч аҳолининг жасади топилди

Украинанинг Киев вилоятида 900 дан ортиқ тинч аҳолининг жасади топилди. Бу ҳақда «Associated Press» хабар берди.

Фото: «Independent»

Вилоят полицияси Андрея Небитовга кўра, уларнинг аксарияти отиб ўлдирилган, бу кўп одамлар «шунчаки қатл этилганидан» дарак беради. Украина томони рус аскарлари ҳудуддан чиқиб кетганидан кейин шундай ҳолат кузатилганини айтмоқда.

«Кўплаб оммавий қабрлар аниқланганини маълум қиламиз, афсуски, одамларнинг кўпи отиб ўлдирилган. Яъни биз шуни тушунамизки, босиб олиш пайтида рус армияси маълум бир тузум ўрнатган, жамиятга таъсир ўтказадиган одамларни топишга ҳаракат қилган ва уларни Россия учун ишлашга мажбурлаган», — дейди Небитов.

Шунингдек, у ҳалок бўлганлар орасида 95 фоизининг танасида ўқ ёки снайпер излари борлиги, жасадлар қишлоқ, шаҳар кўчалари ва вақтинча дафн этилган ҳудудлардан топилаётганини айтган. Россия қўшинлари томонидан вақтинча босиб олинган Киев вилоятининг барча 180 та аҳоли пунктида ҳозир полиция патруллари ишламоқда. Энг кўп ўлим Бучада — 350 дан ортиқ жасад қайд этилган.

Аввалроқ Бучанинг сунъий йўлдошдан олинган тасвири намойиш қилинганди. Шунингдек, Зеленский оммавий қабр аниқланган Бучага боргани ҳақида хабар берилган.