Жаҳон - 22:17 · 16.04.2022

«Омикрон» одамлардан уй ҳайвонларига юқиши маълум бўлди

Испаниялик ветеринар шифокорлар «омикрон» штами уй мушуклари ва итларга эгаларидан юқишини аниқлади. Бу ҳақда «Москва24» хабар берди.

Фото: «РБК»

Келтирилишича, вируснинг бу тури бошқа штамларга қараганда кўпроқ ҳайвонларга юқади. «Кузатишларимиз шуни кўрсатдики, ковиднинг янги штамлари одамлардан ҳайвонларга юқиши мумкин. Бу яна бир бор ҳайвонларда COVID-19 тарқалишини назорат қилиш зарурлигини таъкидлайди», дейди тадқиқотчилар.

Сўнгги икки йил ичида ветеринария шифокорлари ва биологлар SARS-CoV-2 вируси ёки шунга ўхшаш патогенлар ёввойи ҳамда уй ҳайвонлари популяциясига қандай юққанига оид кўплаб мисолларни аниқлаган. Хусусан, АҚШ олимлари SARS-CoV-2 шер, йўлбарс, ит ва бошқа кўплаб ҳайвонларга юқишини топган.

Тадқиқот доирасида олимлар 2021 йил декабрь ўрталаридан 2022 йил март ойи охиригача эгалари коронавирусга чалинган 30 та мушук, 50 та ит ҳамда битта қуёндан балғам намуналарини олган. Намуналар ПЗР тестлари ва геномик секвенсия тизимлари ёрдамида ўрганилган.

Уй ҳайвонларининг тахминан 10 фоизининг танасида «омикрон» излари  топилган. Ҳайвонларда касаллик симптомсиз кечган. Олимларнинг фикрича, «омикрон» геномидаги кўп сонли мутациялар пайдо бўлиши вируснинг уй ҳайвонлари ҳужайраларига кириб бориш қобилиятини ёмонлаштирган. Шу билан бирга, тадқиқотчилар штамм одамдан ҳайвонларга юқиш қобилиятини йўқотмаганини таъкидлаган.

Аввалроқ коронавирус илонлардан тарқалган бўлиши мумкинлиги аниқланганди. Шунингдек, ковиддан кейин қандай тиббий таҳлиллар топшириш хавфли экани айтилган.