Жамият, Таҳлил - 19:20 · 16.04.2022

Ўқувчилар сонининг юқорилиги, ҳисобот ва тадбирбозликлар, кадрлар масаласи. Халқ таълими тизимидаги муаммолар

Таълим тизими жамиятнинг энг муҳим тизимларидан бири бўлиб, инсон капиталининг сақланиши ва тўпланишини таъминлайди. Инсон капиталининг мамлакат рақобатбардошлигига таъсири кучайиб бораётгани сабабли замонавий жамиятда таълимнинг роли муттасил ошиб бормоқда ва уни ривожлантириш билан боғлиқ муаммолар тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Айтиш мумкинки, яқин келажакда мамлакатларнинг жаҳон миқёсида рақобатбардошлиги биринчи навбатда уларнинг таълим тизимининг рақобатбардошлиги билан белгиланади.

Хўш, бугунги кунда Ўзбекистонда таълим тизими жараёни ривожи қай даражада? Бугунги кундаги муаммолар ва уларнинг истиқболдаги ечимлари борасида қандай амалий ишлар олиб борилиши керак? Bugun.uz колумнисти Акбар Идиев қуйида шу каби саволларга жавоб беришга ҳаракат қилади.

Фото: «Bugun.uz»

Мактабларда дарс жараёнини ташкил этиш бўйича дунёда икки хил йўналиш мавжуд. Улардан биринчиси анъанавий услуб ва иккинчиси ноанъанавий услуб. Икки услуб асосида ютуқларга эришган мамлакатлар мавжуд, хусусан анъанавий таълим тизими асосан Осиё давлатларида кенг жорий этилган бўлиб, улардан намуна сифатида кўрсатиш мумкин бўлган давлатлар сифатида Сингапур, Япония каби давлатларни санаб ўтиш мумкин. Ўзбекистонда ҳам таълим жараёни анъанавий тарзда ташкил этилган. Ноанъанавий таълим жараёни эса асосан Ғарб мамлакатларида кенг қўлланилади. Улардан энг намуналилари сифатида Финляндия ва Дания таълим тизимини келтириб ўтиш мумкин.

Таълим масаласи Ўзбекистон учун жуда муҳим аҳамият касб этиши борасида мамлакат президенти Ш.Мирзиёев ҳам бир неча бор таъкидлаб ўтди. Хусусан биргина жорий ўқув йил ҳисобида икки бора (28 декабрь ва 5 апрель кунлари) таълим соҳаси ривожига оид видеоселектор йиғилиши ўтказди. Мазкур мажлисларда мактабларда мавжуд қатор муаммолар ҳақида сўз бориб уларнинг ечими борасида ҳудудлардаги раҳбар ва мутасаддиларга аниқ кўрсатмалар берилди.

Биз ҳам мазкур масалада ўқитувчилар билан суҳбатлар ўтказиб, баъзи муаммолар ва уларнинг ечими (хорижий тажриба асосида) хусусида тўхталиб ўтсак.

Ўқувчилар сони юкламаси юқорилиги

Фото: «Kun.uz»

Ушбу масала «Халқ таълими, молия ва соғлиқни сақлаш вазирликларининг қарори билан Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисида» ги низом (30.06.2020 йилда 3271-сон билан рўйхатдан ўтказилган) асосида тартибга солинади. Унга кўра:

  • Шаҳар ҳудуди ва туман марказларида – 25-35 нафаргача;
  • Қишлоқ ҳудудларида – 20-35 нафаргача (олис (тоғли, чўлли) ҳудудларда жойлашган умумтаълим муассасалари бундан мустасно) ўқувчи бир синфда ўқиши мумкин.

Мактаб филиалларида эса мазкур сон қуйидаги таснифланади:

  • ўқувчилар сони 8 нафаргача бўлган I–IV синфлар;
  • ўқувчилар сони 12 нафаргача бўлган учта бошланғич синф;
  • ўқувчилар сони 24 нафаргача бўлган иккита бошланғич синф (I ва III, II ва IV синфлар).

Аммо амалиёт жараёнида мазкур сонлар доим ҳам мутаносиб равишда шаклланмаганлигига гувоҳ бўламиз. Айниқса, туман ва шаҳар марказларида жойлашган мактаблар ва рейтинги юқори, шу билан бирга, рус тилли мактабларда эҳтиёж кўплиги сабабли синфларда ўқувчилар сони 35 тадан ҳам ошиб кетади. Бу эса албатта таълим сифатига салбий таъсир ўтказади. Мазкур масалада ривожланган давлатлар тутган йўл сифатида синф ўқувчилари сонини комплектлаш максимуми миқдори 20 нафар ўқувчи сифатида белгиланган. Бу ҳам албатта самарасини бераётганлигини бугун кўриб турибмиз. Бунинг самараси ҳар бир дарс давомида барча ўқувчи билан индивидуал ишлаш имкони бўлади. Аммо мазкур масала юртимизда мактаблар сони орттирилмас экан ва соҳага етарлича маблағ ажратилмас экан ечимини топиши мушкул.

Шу ўринда, мактаб филиаллари масаласи ҳам оғриқли нуқталардан бири саналади. Зеро мазкур мактабларда дарс берадиган ўқитувчилар бир вақтнинг ўзида бир нечта фандан дарс беришига тўғри келади. Бу эса унинг дарс сифати пасайишига сабаб бўлувчи омил саналади.

Турли ҳисобот ва тадбирлар сони ортгани

Сўнгги вақтларда давлат раҳбарининг соҳада ислоҳотларни жадаллаштириш тўғрисида қўйган талабларидан сўнг, мактаблардаги таълим жараёнини ўрганишлар сони кўпайганлигини қайд этиш лозим. Бу ўқитувчилар тилида «комиссиябозлик» деб аталган иллатнинг яна урчиганлигидан далолатдир. Мазкур ўрганишларда кўтариладиган масалалар рўйхатига эътибор берадиган бўлсак, асосан таълим жараёни сифатига ижобий таъсир кўрсатмайдиган «форма», талаб қилиниши таъқиқланган «тақвим мавзу режа», «тадбирлар графиги», «тунги навбатчилик» каби масалалар ўрганилади. «Дарс муқаддас» тамойили ҳуқуқий асос билан мустаҳкамлаб қўйилган бўлсада, мазкур «текширувчилар» эшикни ҳатто тақиллатмасдан дарс жараёнига кириб бориши «ўқитувчи» касбининг ўқувчилар орасида обрўсизланишига сабаб бўлмоқда.

Фото: «Bugun.uz» / Иллюстратив

Такрорий топшириқлар сони ниҳоятда кўп эканлиги ҳам мактаб ўқитувчилари томонидан эътироф этилади. Жумладан давлат раҳбари ҳам тизимда ҳанузгача 200 дан ортиқ ҳисоботлар мавжудлиги қайд этиб ўтди. Бундаги асосий юклама мактаб администрациясинигина қамраб олмайди. Асосий топшириқлар синф раҳбарлари томонидан бажарилишини инобатга оладиган бўлсак, бу ўша ўқитувчининг кун давомида «юқоридан келган жадваллар» билан банд бўлишига сабаб бўлади.

Мактабда ўтказиладиган тадбирлар сонини оптималлаштириш ҳам кун тартибидаги асосий масалалардан бири саналади. Бунда йил давомидаги байрамлар ва асосий саналарга эътибор қаратган ҳолда, 15-20 та тадбирлар режаси шакллантирилиши кифоя.

Ўқувчиларнинг репетиторга қатнаши муаммоси

Таълим тизими ривожланган аксар мамлакатларда таълим тизими бир неча босқичларга бўлинади. Улардан кўзланган мақсад, ўқувчининг салоҳияти ва малакасидан келиб чиққан ҳолда, касб-ҳунар ёки олий таълимга йўналтириш саналади. Ўзбекистон таълим тизимини олиб қарайдиган бўлсак, мазкур андоза чизгилари мавжуд. Аммо ўрта бўғинга бўлган қизиқиш ўқувчилар ўртасида ниҳоятда паст даражада. Бунинг асосий сабаби ўрта-махсус таълим жараёнида таълим олган ўқувчининг моддий эҳтиёжини қондира оладиган касбни танлаш доираси чекланганлигидадир. Масала ечими сифатида ишга қабул жараёнида қўйилган тўсиқлар сонини имкон даражасида минималлаштириш (халқаро касблар классификацияси стандарти (ХККС-08) асосида) деб ҳисоблаймиз.

Фото: «Piima.uz»

Қизиқиш доирасига қараб ўқувчиларни ўрта таълим босқичида синфларга бўлиш тизимини жорий этиш ҳам жуда долзарб масала саналади. Зеро бугунги кунда ўқитувчиларнинг энг машаққатли вазифаси ўқувчиларни дарс жараёнига тўлиқ жалб этиш, қизиқтириш саналади. Аммо барча ўқувчилар барча фанларга бирдек меҳр қўймаслиги барчамизга аён, бунинг ечими сифатида кўплаб Ғарб мамлакатларида бошланғич таълим босқичидан сўнг ўқувчини қизиқиши ва қобилиятига қараб синфларга бўлиш сиёсати амалга оширилади.

Бизда эса мазкур тизим ўзгачароқ ташкил этилган, яъни маълум бир фанларга ихтисослаштирилган мактаблар кўринишида, лекин математикага ихтисослаштирилган мактаблар микроҳудудида гуманитар ёки табиий фанларга қизиқувчи ёшлар ҳам топилиши мумкин. Шу сабабли бугунги кунда академик лицейларда жорий этилган йўналишлар асосида ўқувчиларни синфларга бўлиш яхши самара беради. Яъни бошланғич таълим босқичи тугатилгандан сўнг, аниқ, табиий, ижтимоий-гуманитар, техника, филология каби синфларга тақсимлаш жараёни ўтказилиши лозим.

Шу билан бирга, 1994 йилдан бери бизнинг ҳаётимизга кириб келган тест тизими ва мактаб таълим стандарти ўртасида уйғунлик мавжуд эмас. Мисол учун, 11-синф битирувчиси ОТМга кириш жараёнида мактаб программасида кўзда тутилган барча дарсликларни ўзлаштирган бўлиши лозим (таълим йўналишига мос фанлар назарда тутилмоқда). Аммо бир йиллик ўқув режасига кўз ташлайдиган бўлсак, унда фақатгина ўқувчи ўқиётган синф дарслиги доирасида дарс олиб борилиши кўзда тутилган. Бу ўз навбатида ўқувчига юклама ортиши ва мазкур юкламалар мактаб доирасида қамраб олинишини имконсиз қилиб қўяди.

Юқоридаги касб-ҳунарга йўналтириш тизими амалда яхши ишлай бошласа, ОТМларга бўлган талабнинг миқдор жиҳатдан камайишига, бу эса ўз навбатида кириш имтиҳонларининг ташкил этилишида минимал талаблар қўйилишига асос бўлиши мумкин. Ёки ўқув режасини мавжуд тест тизимига мослаштириш лозим. Лекин бу масаланинг мукаммал ечими эмас зеро, янги чиқаётган дарсликлар статистик маълумотлар китобидан, ўқувчини дунёқараши ва фикрлашини ўстиришга қаратилганлигини инобатга олган ҳолда биринчи вариант бу борада мақбул ечим саналади.

Чет-тилини ўрганиш сифати пастлиги

Бу ҳам бугунги глобаллашув жараёнида етишиб чиқаётган кадрларга қўйиладиган асосий талаблардан бири саналади. Мазкур соҳадаги кемтикларнинг ўрнини тўлдириш мақсадида қабул қилинган Президентнинг «Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 19 майдаги ПҚ-5117-сон қарори соҳа ривожи учун муҳим аҳамият касб этади.

Бу масаладаги энг оғриқли нуқта кадрлар масаласи бўлиб, юқоридаги қарорда уларга қўйилган малака талаби асосида ўз ечимини топиши мумкин. Лекин бу бир зумда амалга ошадиган жараён бўлмагани боис, бу масалада бугун аниқ хулоса бериш қийин саналади.

Кадрлар масаласи

Маълум бир ишни ташкил этишда, албатта, шу соҳада фаолият олиб борувчи кадрларнинг билим, малака ва кўникмаси юқорилиги муҳим ўрин тутади. Шу боисдан, мактабларда ўқитувчи ва раҳбар кадрларни ишга олиш меритократия тамойили асосида амалга оширилиши талаб этилади. Бугунги кунда фақатгина мактаб директорлари (мактабга тегишли штат бирликларидан) Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги томонидан ташкил этилган «Argos» портали орқали ишга қабул қилинмоқда.

Келгусида ўқитувчилар бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда шунга ўхшаган платформа орқали инсон омили аралашувисиз ишга олиниши муҳим саналади. Бу тизимни фаол ишлаши албатта ўқитувчиларнинг моддий рағбатлантирилишига ҳам боғлиқ (мисол учун ойлик маош миқдори 1000 АҚШ долларига етказилганда).

Фото: «Bugun.uz»

Имтиҳонлар

Бугунги кунда ўқувчиларнинг ўқитувчиларни менсимаслигига асосий сабаб ўқитувчидан «тийиб туриш» механизми олиб қўйилганлигида. Сабаби ўқувчида ўқимаса ҳам мактабни битиришим мумкин деган фикр шаклланган. Бу эса ўз навбатида ўқувчи ва ўқитувчи ўртасида бўлиши керак бўлган субординация миқдорининг пасайишига олиб келади. Бунга ечим сифатида олдин амалга бўлган, «синфдан синфга қолдириш» тизимини йўлга қўйиш. Бунда масала объектив ҳал этилиши учун ўзга мактаб ўқитувчиларидан иборат комиссия ҳар чорак ёки имтиҳонлар жараёнида ўқувчига баҳо бериш тизимини жорий этиш.

Олимпиадалар

Ўқувчиларнинг, айниқса, маълум фан йўналиши бўйича билимдон ўқувчиларнинг олимпиадаларда иштироки нотенг равишда рағбатлантирилиши уларнинг руҳиятига салбий таъсир этмоқда. Олимпиадага ўқувчилар баъзан «мажбурлаш» асносида олиб борилиши бунга мисол. Шу сабабдан халқаро миқёсда ўтказилмайдиган фан олимпиадасининг 3 ёки 4-босқичида фахрли ўрин эгаллаган ўқувчиларга қатнашган фан олимпиадасидан «миллий сертификат» бериш тизимини жорий этиш лозим. Сабаби, ўқувчи мазкур жараёнга тайёргарлик кўриш асносида ўзга фанларга сарфланиши керак бўлган вақтни ўзи севган фанга бағишлайди бу эса унинг кириш имтиҳонларида юқори балл олишига тўсқинлик қилиши мумкин.

Юқорида кўрсатиб ўтилган муаммолар ва уларнинг ечимлари соҳада фаолият кўрсатаётган ўқитувчи ва таълим олаётган ўқувчиларнинг фикри асосида шакллантирилди.