Жаҳон - 18:46 · 16.04.2022

Ўзбекистон Ҳайратон–Мозори Шариф темир йўл бошқарувини Афғонистонга топширади

Ўзбекистон 10 май куни Ҳайратон–Мозори Шариф темир йўл бошқарувини Афғонистонга топширади. Бу ҳақда «Tolo News» хабар берди.

Фото: «Ariana News»

«Афғонистон темир йўллари» директори Бахт ар-Раҳмон Шарафат бу бўйича маълумот берган. Ҳозирда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ушбу транспорт артериясидан фойдаланмоқда, бироқ янги шартномага кўра, барча темир йўлларга техник хизмат кўрсатиш мажбуриятлари, жумладан, даромадларни йиғиш, техник хизмат ва бошқариш Афғонистон темир йўллари зиммасига юкланади.

Илгари Афғонистон бу борадаги ёрдам учун Ўзбекистонга ҳар йили 18 миллион доллар тўлаган. Ушбу темир йўл орқали мамлакатга олиб кириладиган товарлардан олинадиган даромад ойига 2,5 миллион доллардан 4 миллион долларгача бўлади. Афғонистон темир йўл бошқарувини тўлиқ назоратига олиши юк ташиш харажатларини камайтиришига ёрдам беради.

Аввалроқ «Толибон» Ўзбекистонни Покистон билан боғлайдиган темир йўл йўналишини тасдиқлаганди. Шунингдек, Ўзбекистон Афғонистонга «Термиз» халқаро савдо маркази имкониятларидан фойдаланишни таклиф қилганди.