Жаҳон - 17:18 · 16.04.2022

Покистон ҳарбийлари чегарада афғонлар машинасига қарата ўқ узди

Покистон ҳарбийлари Дуранд линияси яқинида афғон фуқароларининг автомашиналарига қарата ўт очди. Бу ҳақда «Etilaatroz» хабар берди.

Фото: «AP»

Нимрўз вилоятида содир бўлган ҳодисада бир киши ҳалок бўлган. Покистон ҳарбийлари отишмадан сўнг яна 300 га яқин машинани тўхтатгани ва автомобилларнинг аккумуляторларини синдириб, ёнилғи баклари ичига тупроқ ташлагани айтилган.

Таъкидланишича, Покистон ҳарбийлари барча ҳайдовчиларни иссиқ ҳавода қолдирган, оқибатда яна уч киши ҳалок бўлган. Шундан сўнг намойишлар бўлиб ўтган, Покистон ҳарбийлари эса бунга жавобан намойишчиларга ўқ узгани, отишмада яна саккиз киши яралангани айтилган.

Нимрўздаги маҳаллий «Толибон» расмийлари ҳозирча ҳеч қандай изоҳ бермаган. Сўнгги пайтларда вилоятда Покистон ҳарбийлари ва Толибон чегарачилари ўртасида кескинлик кучайган. Тахминан бир ҳафта олдин икки томон ўртасидаги тўқнашувда покистонлик генерални олиб кетаётган вертолёт «Толибон» нишонига айланган ва генерал жароҳатланган. Тўқнашувдан сўнг Дуранд чизиғининг ҳар икки томонида «Толибон» ва Покистон қўшинлари шай ҳолатга келган.

Аввалроқ Покистон Афғонистон вилоятларига авиазарба бераётгани ва «Толибон» чегарага қўшимча кучлар жойлаштираётгани маълум қилинганди.