Жаҳон, Сиёсат - 10:43 · 16.04.2022

«Путин ядровий ва кимёвий қуролдан фойдаланишга қодир» — Зеленский

Дунё Россиянинг тактик ядро қуролидан фойдаланиши эҳтимолига тайёр туриши керак. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский «CNN»га берган интервюсида маълум қилди.

Фото: «CNN»

Зеленский нафақат у, балки барча давлат раҳбарлари бундан хавотирланиши кераклигини таъкидлаган. «Бу объектив маълумот бўлмаслиги, лекин ҳақиқат бўлиши ҳам мумкин. Чунки Россия Украинада кимёвий қурол борлиги ҳақида маълумот берди. Шунинг учун рус аскарларидан бундай ҳужум амалга оширишини кутиш мумкин», — деган у.

Шунингдек, Украина президенти Россия раҳбари Владимир Путин ядровий ва кимёвий қуролдан фойдаланишга қодирлиги, чунки у украиналикларнинг ҳаётини умуман қадрламаслигини айтган. «Биз қўрқишга ҳожат йўқ деб ҳисоблаймиз. Тайёр бўлишимиз керак. Бу масала нафақат Украина, балки бутун дунё учун аҳамиятли деб ўйлайман», — дея хулоса қилган президент.

Аввалроқ Зеленский Украинани тарк этмагани сабабини тушунтирганди. Шунингдек, у Киевнинг Россия президенти билан музокара столига ўтиришдан бошқа чораси йўқлигини айтган.