Жаҳон - 18:14 · 16.04.2022

Қирғизистондан доллар олиб чиқишга чеклов қўйилиши мумкин

Қирғизистонда юридик ва жисмоний шахсларнинг нақд АҚШ долларини мамлакатдан ташқарига олиб чиқишига вақтинча чекловлар жорий этиш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда «24.kg» хабар берди.

Фото: «Manas News»

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси Иқтисодиёт ва савдо вазирлиги томонидан жамоатчилик муҳокамасига киритилган. Қуйидаги ҳажмдаги валютани олиб чиқишни тақиқлаш таклиф қилинмоқда:

  • Норезидентлар ва чет элликлар — 5 минг доллардан ортиқ;
  • Резидентлар ва фуқаролар — 10 минг доллардан ортиқ.

Бу миллий валюта курсининг ўзгариши билан боғлиқ Қирғизистон ички бозори учун салбий оқибатларни минималлаштириш мақсадида амалга оширилмоқда. Бундай чора айрим товарлар нархининг кескин ошишини юмшатиш, иқтисодиётнинг импортга қарам бўлган тармоқларини салбий оқибатлардан бартараф этиш, ички бозорни хорижий валюта билан тўлдириш учун зарур.

Шунингдек, белгиланган лимитдан ошиб кетган сумманинг 10 фоизи миқдорида тўлов (йиғим) жорий этишни таклиф қилмоқда. Бу республика бюджетига тушумларни ошириши таъкидланган.

Аввалроқ Қирғизистонда ҳукумат вакилларига хизмат автомобилларини сотиб олиш тақиқланганди. Шунингдек, мамлакатда давлат тили ҳақидаги қонун лойиҳаси тайёрланганди.