Жамият, Тошкент ш. - 16:48 · 16.04.2022

Тошкентда 14 ёшли ўқувчилар телефонда гап талашиб, жанжаллашди — видео

Тошкент шаҳри Миробод туманида 15 апрель куни ўқувчилар телефонда гап талашиши оқибатида жанжаллашди. Ҳолат юзасидан шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси маълумот берди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, шу куни тахминан соат 15:00 да Миробод туманида 14 ёшли И.Б. 14 ёшли Д.Н. (жабрланувчи)га қўнғироқ қилиб, мулоқот чоғида ўсмирлар ўзаро жанжаллашиб қолган. И.Б. мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида вояга етмаган Д.Н. билан Юксалиш маҳалласи ҳудудида учрашган ва жанжаллашиб кетган. Оқибатда Д.Н.га тан жароҳати етказилган.

Ҳолат бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилган ва ота-оналар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик)га асосан маъмурий жавобгарликка тортилган.

Аввалроқ Қашқадарёдаги мактабда ўқувчилар дарс вақтида девор ошиб, муштлашгани хабар қилинганди. Шунингдек, Гулистон шаҳрида 2 та мактаб қизлари ўзаро жанжаллашган.