Жаҳон - 15:46 · 16.04.2022

Украина АҚШдан кемаларга қарши ракеталар сўради

Вашингтон ва Киевдаги юқори мартабали Украина расмийлари Пентагондан кемаларга қарши ракеталар ва қирғоқ мудофаа қуролларини сўради. Бу ҳақда «The New York Times» хабар берди.

Фото: «Naval Post»

Келтирилишича, қуроллар Россияга қарши янги фронт очиш ва ҳужумни қайтариш учун сўралган. АҚШ мурожаатга шу ҳафта эълон қилинган 800 миллион долларлик ёрдам пакетига қирғоқ мудофаа активларини қўшиш орқали жавоб берган. Пентагоннинг юқори мартабали мулозимлари америкалик ҳарбий пудратчилар кемаларга қарши ракеталар бўйича таклифлар ишлаб чиқиши кераклигини айтган. Бу АҚШнинг украиналик ёки америкалик иттифоқчиларга ракеталар етказиб беришини англатади.

«The New York Times» газетасининг ёзишича, Россия Қора денгиз флотининг флагмани бўлган «Москва» кемасига қилинган ҳужум қирғоқдан учирилган кемага қарши ракеталар кучини кўрсатади. Украинанинг бундай қуролларни кўпроқ миқдорда сўраши «узоқни кўзлашини» кўрсатмоқда.

Россия кемалари қирғоқдан қанчалик узоқда бўлса, уларнинг Украина шаҳарларига қуруқликдаги ҳужумларини қўллаб-қувватлаши шунчалик чекланиши таъкидланган.

Аввалроқ Россиянинг «Москва» крайсери чўкиши сабаблари маълум қилинганди. Шунингдек, NATO кемалари ҳарбий машғулотлар учун Болтиқ денгизига киргани ҳақида хабар берилган.