Жамият, Иқтисод - 21:00 · 17.04.2022

Афғонистон «Ўзбекистон темир йўллари» билан ҳамкорликни тўхтатмаслиги маълум қилинди

Термиз шаҳрида 12–14 апрель кунлари Афғонистон темир йўллари бошқармаси раиси Бахтурраҳмон Шарафат бошчилигидаги Афғонистон делегацияси билан музокаралар бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Афғонистон томони Ўзбекистон томонидан икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, Афғонистонга кўрсатилаётган салмоқли ёрдам учун миннатдорлик билдирган.

Шунингдек, учрашувда меҳмонлар ОАВда Афғонистон «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ билан ҳамкорликни тўхтатишни режалаштираётгани ҳақида тарқалаётган маълумотни рад этган. Бундан фарқли ўлароқ, Б. Шарафат икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва уни янада кенгайтириш режасига эътибор қаратган.

«Афғонистон томони ‘Сўғдиёна-Трансʼ ДК («Ўзбекистон темир йўллари» АЖга қарашли) томонидан жорий йилнинг ўтган давридан бери фаолият юритиб келаётган ‘Ҳайратон — Мозори Шарифʼ темир йўл линиясининг эксплуатацияси бўйича олиб борилаётган ишлардан тўлиқ мамнунлигини билдирди», дейилади хабарда.

Келтирилишича, 2021 йилнинг иккинчи ярмидаги Афғонистондаги вазият ҳисобга олинса, темир йўл юк айланмасида сезиларли пасайиш кузатилган. 2022 йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ҳамкорликдаги ишлар туфайли юк айланмаси ҳажми 2021 йилги кўрсаткичга (1,1 миллион тоннадан ортиқ) етган.

Музокаралар чоғида Афғонистон томони «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти билан биргаликда вагонларни туширишни тезлаштириш, бу орқали Ҳайратон станциясига кирувчи юклар ҳажмини ошириш, шунингдек, имкониятлардан максимал даражада фойдаланиш бўйича ишларни ташкил этишга тайёрлигини таъкидлаган.

Аввалроқ Афғонистон темир йўллари бошқармаси расмийлари мамлакат темир йўл вокзалларини қўшни давлатлар билан ишлатиш бўйича шартнома мамлакат манфаатлари ҳисобга олинмаган ҳолда расмийлаштирилганини айтганди. Шунингдек, Ўзбекистон 10 май куни Ҳайратон–Мозори Шариф темир йўл бошқарувини Афғонистонга топшириши хабар берилганди.