Жаҳон - 22:02 · 17.04.2022

Байден Украинага келиши керак деб ҳисоблаётган Зеленский, 1,7 млрд аҳолига таҳдид солаётган қашшоқлик, Британия шаҳзодасининг мурожаати

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 17 апрель куни содир бўлган мазкур можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «Zerkalo»

Байден Украинага келиши керак деб ҳисоблаётган Зеленский

Украина президенти Владимир Зеленский америкалик ҳамкасби Жо Байден Украинага ташриф буюриши керак деб ҳисобламоқда. У бу фикрини «CNN» телеканалига берган интервьюсида билдирди.

«Байденнинг Украинага ташриф буюришини хоҳлайсизми?» — деган саволга Зеленский ижобий жавоб берган. «Ўйлайманки, у келади. Албатта, бу унинг қарори ва хавфсизлик билан боғлиқ вазиятдан келиб чиққан ҳолда қабул қилинади. Лекин менимча, у АҚШ президенти сифатида бу ерга келиб, ҳаммасини ўз кўзи билан кўриши керак», — деб таъкидлаган Украина раҳбари.

1,7 млрд аҳолига таҳдид солаётган қашшоқлик

Украинадаги можаро ривожланаётган мамлакатларга нисбатан «жимгина ҳужум» бўлиб, 1,7 миллиард одамни қашшоқликка солиш билан таҳдид қилмоқда. Бу фикрни БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Чехиянинг « Seznam Zpravy» интернет нашрига берган эксклюзив шарҳида билдирди.

«Украинадаги ҳарбий можаро дунёнинг ривожланаётган мамлакатларига нисбатан ҳужумнинг бошланишига айланди. Инқироз 1,7 миллиард одамни ўз ичига олиши мумкин, яъни инсониятнинг бешдан биридан кўпроғи қашшоқлик ва очарчиликка дучор бўлади. Бундай ҳолат сўнгги ўн йилликлар давомида бўлмаган», — дейди БМТ бош котиби.

Келтирилишича, Россия ва Украинада буғдой, арпанинг 30 фоизи, маккажўхорининг 20 фоизи, кунгабоқар ёғининг эса ярмидан кўпи ишлаб чиқарилади. Бу давлатлар томонидан жаҳон бозорига етказиб берилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сайёранинг энг камбағал аҳолиси учун асосий озиқ-овқат манбаси ҳисобланади. Африканинг иқтисодий жиҳатдан кам ривожланган 45 мамлакати томонидан импорт қилинадиган буғдойнинг учдан биридан кўпроғи Россия ва Украина далаларида ўсади.

Британия шаҳзодасининг мурожаати

Британия тахти вориси, Уэльс шаҳзодаси Чарльз халққа Пасха байрами муносабати билан қилган мурожаатида можаролардан қочган одамларнинг тақдирини эслашга чақирди ва Украинадан желган қочқинларни қабул қилган қироллик халқига миннатдорчилик билдирди. Мурожаат матни Букингем саройи матбуот хизмати томонидан тарқатилди.

«Бугунги кунда ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган, нотинч жойлардан қочиб ҳолдан тойган, ўтмишдан сарғайиб, келажакка қўрқиб қараётган миллионлаб одамлар меҳмондўстликка, дам олишга ва бошқаларнинг меҳрига муҳтож. Мен уларнинг баъзилари билан шахсан учрашдим ва ўз ватанини ташлаб, ватанидан узоққа бошпана излашга мажбур қилган фожиали воқеалар ҳақидаги ҳикояларини тингладим. Муҳтожларга бошпана бериш учун қанчадан-қанча инсонлар ўз уйларининг эшикларини очиб, ўз вақтлари ва имкониятларини аямаётган инсонларни кўриш жуда қувонарлидир», — дейди шаҳзода.

Россия билан 10 йил жанг қилиши мумкин бўлган Украина

Украина ўз ҳудудларидан воз кеча олмайди. Владимир Зеленский Россия билан музокаралар истиқболлари ҳақидаги саволга айнан шунадй жавоб берди.

«Биз ҳудудимизни бера олмаймиз, лекин Россия билан қандайдир мулоқот усулини топишимиз керак. Агар улар бунга қодир бўлса, биз тайёрмиз. Агар гаплашиш имкони бўлса, гаплашамиз, лекин Россия ультиматуми асосида эмас. Бу бизга нисбатан муносабат масаласи», — дейди президент.

Давлат раҳбарининг айтишича, мулоқот қанчалик тез содир бўлса, шунча кам одам ҳалок бўлади, бироқ муносабатларда бошқа натижа ҳам бўлиши мумкин. «Россия билан ҳатто 10 йил ҳам кураша оламиз», — дея қўшимча қилган у.