ДХХ Суриядаги жангарилар сафига қўшилишни режалаштирган йигитларни ушлади
Сирдарё вилоятида Суриядаги халқаро террористик ташкилот сафига қўшилишни режалаштирган икки нафар йигит қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, ДХХ Сирдарё вилояти бўйича Бошқармаси ва вилоят Ички ишлар Бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Суриядаги «Катибатуль Тавҳид ва Жиҳод» халқаро террористик ташкилоти аъзолари томонидан очилган виртуал гуруҳга аъзо бўлиб, ундаги ақидапарастлик материалларни бошқаларга тарқатиб келган 7 нафар шахслар ушланди.
Гуруҳ Суриядаги жангарилар раҳнамоларининг онлайн дарсларида иштирок этиб келган ва маълум муддат ичида улардан 2 нафари 2001 йилда туғилган M.O. ва 2002 йилда туғилган M.M. радикал ғоялар таъсирига тушиб, Сурияга чиқиб кетишга тайёргарлик кўрган. Уйда ўтказилган тинтув жараёнида қўлга олинганлардан жиноятга алоқадор ашёвий далиллар расмийлаштириб олинди.
Тўпланган материаллар асосида ДХХ бошқармаси тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ ДХХ Суриядаги жангарилар сафига қўшилмоқчи бўлган 4 кишини ушлагани ҳақида хабар берилганди.